Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳотамжон Кетмоновнинг Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашуви
2015-02-20 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг жойларда сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 19 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг раиси К.Каримов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Қ.Қурбонбоев йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастурида илгари сурилган асосий йўналишлар ҳақида сайловчиларга маълумот берди.
Номзоднинг сайловолди дастурида қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштироки амалиётини изчил ривожлантириш, ижтимоий шериклик институтини янада ривожлантиришни изчил таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд механизмлари оммабоплигини кенгайтириш ва мазкур масалаларда суд назоратини кучайтириш ҳисобига суд қарорлари ижроси сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва бошқа устувор вазифалар белгиланган.
Учрашувда Халқ демократик партияси Беруний тумани кенгаши раиси Х.Ешимбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият-тарғибот маркази раҳбари Ш.Аяпов, Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети талабаси Ҳ.Нуржонова ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик ҳамда муқобиллик асосида, халқаро демократик тамойилларга мос тарзда ўтаётганини таъкидлаб, сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Манба: ЎзА