Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳотамжон Кетмоновнинг Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашуви
2015-02-20 | Сиёсат
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 19 февраль куни Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 12-Хоразм округ сайлов комиссиясининг раиси А.Раҳимов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Р.Сабуров йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини тақдим этаётган корхоналарда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ижтимоий шериклик институтини янада ривожлантиришни изчил таъминлаш, аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори-дармон воситаларининг нархи устидан давлат назоратини кучайтириш каби қатор устувор вазифалар белгиланган.
Учрашувда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси О.Ражабов, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Б.Исмоилов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши бўлим мудири Н.Одамбоева ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад-вазифалар ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Манба: ЎзА