Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наримон Умаровнинг Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашуви
2015-02-20 | Сиёсат
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 19 февраль куни Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси раиси Н.Абдуллаев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Р.Толипов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров сайловчиларни ўз сайловолди дастури билан таништирди.
Номзоднинг сайловолди дастурида ҳокимият ва жамият ўртасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш, ҳокимиятнинг барча даражаларидаги бошқарув вакиллари ҳамда фуқаролар ўртасида очиқ мулоқот ва тўғридан-тўғри муносабатларни йўлга қўйиш, мамлакатимизда асрлар давомида аҳил-иноқ яшаб келаётган турли миллат ва элатларнинг хилма-хиллигини муштарак ҳолда сақлаш ва ривожлантириш, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллиги ва эркинлигини янада кучайтириш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Б.Қосимов, Оққўрғон туманидаги 78-ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернати директори Н.Ҳасанова, Оҳангарон тумани "Гулистон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Д.Санақулова ва бошқалар Президентликка номзоднинг сайловолди дастури ва унда белгиланган устувор вазифалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Президент сайлови кўппартиявийлик ҳамда муқобиллик асосида, демократик тамойилларга мос тарзда ўтаётганини таъкидлади.
Манба: ЎзА