Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳотамжон Кетмоновнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви
2015-02-19 | Сиёсат
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёни қизғин бормоқда. Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 18 февраль куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясининг раиси Ж.Иноғомов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Ҳ.Бобохонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳ.Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳоли ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш, кишиларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда нафақалар ва моддий ёрдам асосан кам таъминланган оилалар, қариялар ва болалар учун берилишини таъминлаш, ўз бизнесини ташкил этиш ва турмуш фаровонлигини мустақил таъминлашга интилувчи меҳнатга лаёқатли фуқароларга имтиёзли кредитлар ва мақсадли фоизсиз ссудаларни ажратишни янада ривожлантиришни таъминлаш каби қатор устувор вазифалар белгиланган.
Учрашувда Шайҳонтоҳур туманидаги 44-оилавий поликлиника бош шифокори М.Раҳматуллаева, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари директори С.Бобоқулов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик асосида ўтаётгани мамлакатимизда демократия тамойилларига амал қилинаётгани, миллий сайлов тизимимиз халқаро нормаларга тўла мос келишидан далолат эканини таъкидлаб, 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Манба: ЎзА