Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманганда Ислом Каримов хотирасига бағишланган мусобақа ташкил этилди
2017-01-31 | Спорт
Наманганда мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишлаб дзюдо ҳамда ўзбек жанг санъати бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди.
Биринчи Президентимиз ташаббуси билан болалар спортини ривожлантириш, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун замонавий шароит яратишга қаратилган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
– Ўзбекистонимизда мустақил тараққиёт йилларида барча соҳаларда эришилган улкан ютуқ ва марралар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлиқ, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Наманган вилояти филиали раҳбари А.Мамадумаров. – Вилоятимизда турли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этаётган ёш спортчилар сафи тобора кенгайиб, улар орасидан қитъа ва жаҳон чемпионатлари ғолиблари, Олимпиада совриндорлари етишиб чиқаётгани ҳам ана шу эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
Наманган шаҳридаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бўлиб ўтган мусобақада 2001-2002 йилларда туғилган 200 дан ортиқ ўғил-қиз ғолиблик учун куч синашди.
Дзюдо бўйича мусобақаларда Наманган шаҳридан Р.Иномов, А.Бойхонов, Ж.Мамасолиев, Поп туманидан О.Авазбеков, Наманган туманидан А.Тожимирзаев, З.Жамолиддинов, Янгиқўрғон туманидан М.Абдулҳакимов ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади.
Ўзбек жанг санъати бўйича Тўрақўрғон туманидан Н.Комилжонова, Наманган шаҳридан М.Баҳриддинова, М.Абдусатторова, М.Набижонова, К.Аҳмедов, А.Мирсаидов, А.Анваров, Э.Жаҳонгиров ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Манба: ЎзА