Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда лимон ва ёнғоқ плантациялари барпо этилади
2017-01-31 | Иқтисодиёт
Тошкент давлат аграр университетида «Ўзбекистонда ресурстежамкор, илғор агротехнологияларни қўллаб лимон, ёнғоқ ва ёнғоқ мевали ўсимликлар кўчатларини етиштириш, плантациялар барпо қилиш: муаммолар ва ечимлар» мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда жаҳонда лимон, ёнғоқ ва ёнғоқ мевалар истеъмолига талаб ошганлиги, уларнинг ҳосилдорлигини ошириш борасида Тошкент давлат аграр университети олимлари кенг қамровли илмий-тадқиқот олиб бораётгани қайд этилди. Ушбу йўналишда университет олимлари Ўзбекистон ўрмон хўжалиги бош бошқармаси, Республика манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази, академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти каби муассасалар билан ҳамкорлик қилмоқда.
Мамлакатимизда бодомзорлар барпо қилиш ва парваришлаш бўйича илмий-тадқиқот ишлари ўтказилиб, уларнинг натижалари амалиётга жорий этилмоқда. Хандон пистанинг маҳаллий нав ва шакллари плантация шароитида ўсиш ва ривожланиши, меванинг сифат кўрсаткичлари ва ҳосилдорлиги селекцион баҳоланиб, лалми ҳудудларда плантациялар барпо этиш чоралари кўрилмоқда. Ўсимликшунослик кафедраси профессор-ўқитувчилари тупроқ-иқлим шароитига кўра илк бор ерёнғоқ экинидан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш агротехнологиясини такомиллаштирмоқда.
– Илмий жамоамиз кўп йиллардан буён лимончилик соҳасида изланишлар олиб бораётир, – дейди Тошкент давлат аграр университети ректори Б.Сулаймонов. – Изланишларимиз мамлакатимиз иқлим шароитига мос бўлган навларни яратиш, агротехнологияларни такомиллаштиришга қаратилган. Лимон, ёнғоқ ва ёнғоқ мевалиларнинг зараркунанда ва касалликларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари натижасида экологик безарар биологик кураш усуллари такомиллаштирилмоқда.
Семинарда келгусида лимон, ёнғоқ, писта етиштиришнинг ресурстежамкор технологияларини ривожлантириш, кенг плантациялар барпо этиш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш чораларини янада кенгайтириш борасида келишиб олинди. Тадбир доирасида фермер хўжаликлари ва шахсий томорқа эгалари етиштирган маҳсулотларнинг кўргазмаси ташкил этилди.
Манба: ЎзА