Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллуд санаси муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда

2017-01-31 | Жамият

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни халқимиз мустақиллигимиз ва тараққиётимиз асосчиси сифатида билади ва юксак қадрлайди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори халқимиз истагини ифодалаган, қалб тўридан жой олган муҳим ҳужжат бўлди. 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Буюк Йўлбошчимиз таваллуд топган кун муносабати билан ўтказилган тадбирда шулар ҳақида сўз борди. “Ёди ҳамиша ёдда” деб номланган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маънавият тарғиботчилари, олимлар, профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этди. 

Университет ректори А.Мараҳимов, академик М.Салоҳиддинов, адабиётшунос Ш.Ризаев ва бошқалар халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти, мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий равнақи учун борлиғини, умрини бағишлаган, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг беқиёс хизматларини ёшлар онгу қалбига сингдириш катта тарбиявий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. 

Биринчи Президентимиз мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси сифатида дунёда “ўзбек модели” деб тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан. 

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида ташкил этилган тадбирда олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов, университет ректори Ф.Ризаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Олмазор тумани ҳокими Б.Ғойибназаров ва бошқалар Ислом Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ёрқин из қолдирганини таъкидлади. 

– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ таълим даргоҳимизга мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи берилиши жамоамиз учун тарихий воқеа бўлди, – дейди университет проректори А.Алимов. – Бу университетимиз жамоасига чексиз қувонч, фахр-ифтихор бағишлайди, айни чоғда катта масъулият юклайди. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маданият саройида “Ислом Каримов – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг асосчиси” номли маънавий-маърифий тадбирда халқимиз атоқли фарзандининг давлат ва сиёсат арбоби сифатидаги кенг қамровли фаолияти яна бир бор эътироф этилди. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари С.Саййид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қ.Каримбеков ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Буюк Юртбошимиз хотирасининг абадийлаштирилаётгани бутун халқимизнинг дилидаги эзгу истак эканини таъкидлади. 

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Мустақиллигимиз фидойиси” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда истиқлол йилларида мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик, миллатлараро тотувликни асраб-авайлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлашдек буюк ишлар Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлиқ экани таъкидланди. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий, ташкилий асослари яратилгани, уларнинг истеъдодини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам механизми шакллантирилгани ҳақида ёшларга сўзлаб берилди. 

– Эртамиз эгаларининг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаши, сифатли таълим-тарбия олиши, иш ўринлари, муносиб турар жойларга эга бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев. – Ислом Каримовдек халқпарвар, болажон, ёшларни “Менинг фарзандларим!” деб бағрига босиб, чексиз меҳр-муҳаббатини намоён этган раҳбар кам бўлса керак. У кишининг номи халқи, юрти манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиб, меҳнат қилган буюк давлат арбоби, доно сиёсатчи, том маънодаги ватанпарвар инсон сифатида асрлар оша яшайверади. 

– Биринчи Президентимиз бошлаган улуғ йўл бизни бунданда юксак марраларга етаклайди, – дейди Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабаси Акмал Турғунов. – Зеро, “Сизлар учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун бутун борлиғимни бағишлашга ҳам тайёрман. Маррани доимо баланд қўйиб яшанг, азиз болаларим, давр бизники, марра бизники!” деган сўзлари ҳамиша қалбимизда жаранглаб туради. Биз Ислом Каримовнинг оталарча меҳри ва ғамхўрлигини ҳеч қачон унутмаймиз! 

Тошкент кимё-технология институтида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ташкил этилган тадбир «Келажаги буюк юртнинг Биринчи Президенти – Сиз доимо қалбимиздасиз!» деб номланди. 

Институт ректори С.Туробжонов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Н.Йўлдошева ва бошқалар Биринчи Президентимиз ёш авлодга мунтазам ғамхўрлик кўрсатганини таъкидлади. 

Қибрай туманидаги “Дўрмон” маданият саройида ўтказилган маданий-маърифий тадбирда ёшларга Биринчи Президентимиз раҳнамолигида шаҳару қишлоқларимизда рўй берган оламшумул ўзгаришлар, юртдошларимиз кайфияти, бугунги ҳаётдан мамнунлиги ҳамда мустақилликкача бўлган даврдаги оғир кунлар ҳақида сўзлаб берилди. 

Фарғона давлат университетида Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти, бой маънавий меросига бағишлаб ўтказилган илмий анжуманда мард ва доно сиёсатчи Биринчи Президентимиз билан боғлиқ Ўзбекистоннинг истиқлол йилларида эришган улкан ютуқ ва натижалари, барча соҳаларда олиб борилган ислоҳотлар самаралари ҳақида сўз борди. У кишининг фидойилик, ватанпарварлик, адолатпарварлик, самимийлик, меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлари барчамиз учун ёрқин ибрат намунаси экани таъкидланди. 

– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ Фарғона шаҳридаги Санъат саройига Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи берилганидан чексиз фахрланамиз, – дейди филология фанлари доктори Сиддиқжон Мўминов. – У инсон билан бир замонда яшаб, ҳамнафас бўлдик. У кишининг доно сиёсати ва буюк давлат арбоби сифатидаги фаолиятини ўз кўзимиз билан кўрдик. Фарғонада олиб борган беқиёс бунёдкорлик ишларини фарзандларимиз учун ҳамиша ибрат қилиб кўрсатишдан чарчамаймиз. 

Андижон банк коллежида Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбир “Буюк Йўлбошчига ҳамиша таъзимдамиз” деб номланди. 

– Биринчи Президентимиз томонидан амалга оширилган кўплаб хайрли ва эзгу ишлар ҳақида янада кенг маълумотларга эга бўлдик, – дейди коллеж ўқувчиси Дилдора Абдухалилова. – Улуғ Йўлбошчимиз ташаббуси ва раҳнамолигида Асака шаҳрида завод очилиб, мамлакатимизда автомобилсозлик саноатига асос солинган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар жаҳоннинг кўплаб давлатига экспорт қилинмоқда, Ўзбекистон номини дунёга достон қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан ушбу заводга Ислом Каримов номи берилиши нафақат завод жамоасини, балки бутун Андижон аҳлини ғоят қувонтирди. Халқимизга озод ва обод Ватан қолдирган, тараққиёт эшикларини очиб берган Биринчи Президентимиз хотирасини ҳеч қачон унутмаймиз. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллуди санаси – 30 январь куни муносабати билан бутун мамлакатимиз бўйлаб турли тадбирлар давом этмоқда. 

Манба: ЎзА

Поделиться