Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наримон Умаровнинг Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашуви
2015-02-19 | Сиёсат
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 18 февраль куни Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг раиси Я.Аллаёров очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Н.Раббимова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда мамлакатимизда "Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун" тамойили асосида олиб борилаётган сиёсатни ривожлантириш, аҳоли турмуш сифати кўрсаткичларини янада яхшилаш шарти бўлган давлат ижтимоий дастурларини татбиқ этишни изчил давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ижтимоий-иқтисодий масалаларни фақат давлат ҳокимияти органларининг самарали саъй-ҳаракатлари билан ҳал этиб бўлмаслигини инобатга олиб, ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, корхоналарда ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, бизнес тузилмаларнинг ижтимоий масъулиятини янада ошириш доимий эътибордаги масалалар эканлиги қайд этилган.
Учрашувда Самарқанд шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби директори Д.Сайдуллаева, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Қўшработ тумани кенгаши раиси А.Тўхтаров, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Самарқанд шаҳар бўлими мутахассиси М.Ғуломова ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик ва муқобиллик асосида ўтаётгани мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат шакллангани, сайлов тизимимиз умумэътироф этилган халқаро нормаларга тўла жавоб беришидан далолат эканини таъкидлади.
Манба: ЎзА