Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
2017-01-30 | Сиёсат
Жаноби Олийлари!
Сиз билан 2017 йил 5 январь куни телефон орқали мулоқотимиз чоғида Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш принциплари, шунингдек, шахсий дўстона муносабатларимизни ривожлантириш тарафдори эканимизни тасдиқлаганимиз алоҳида аҳамиятга эга эканини мамнуният билан таъкидлайман.
Жорий йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. 2006 йил Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларацияни имзолади ва шундан буён мамлакатларимиз сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларда ўзаро манфаатли ва истиқболли ҳамкорликни изчиллик билан кенгайтириб келмоқда.
Ўтган йили самарали ҳамкорлигимизнинг ёрқин намунаси бўлган Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш лойиҳаси муваффақиятли ниҳоясига етказилди. Нефть-кимё соҳасида биргаликда амалга оширилаётган бошқа лойиҳалар, шунингдек, келажакда ҳаётга татбиқ этиладиган янги лойиҳалар ҳам мамлакатларимизнинг самарали ҳамкорлигини янада кенгайтиришга хизмат қилишига ишонаман.
Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги, корейсларнинг Марказий Осиёда яшаётганининг 80 йиллиги Корея Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади. Ўзаро ҳамкорлик доирасида барпо этилаётган Корейс маданияти ва санъати уйи халқларимизни янада яқинлаштиришда муҳим аҳамият касб этишига ишончим комил.
Жаноби Олийлари, Сизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, Ўзбекистон Республикасига чексиз фаровонлик тилайман.
Эҳтиром билан,
Манба: ЎзА