Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси
2017-01-28 | Жамият
Алоқа тарихи музейида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Каримов таваллуди кунига бағишланган хотира тадбири бўлиб ўтди.
Унда истиқлол йилларида мамлакатимизда ўрнатилган осуда ва фаровон жамият, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қўлга киритилган марралар, барқарор тараққиёт, меҳр-оқибат ва бағрикенглик, миллатлараро тотувлик каби буюк ишлар Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлиқ экани таъкидланди.
Шунингдек, Ислом Каримов томонидан ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ривожига қаратилган эътибор, соҳани қўллаб-қувватлашга бўлган юксак хайрихоҳлик, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти раҳбарлигида АКТ соҳасида қабул қилинган ҳамда ахборот технологияларини жорий қилиш орқали иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётни яхшилашга қаратилган 11 та қонун, 80 дан ошиқ Президент қарор ва фармонларининг имзоланиши алоҳида қайд этилди.
Иштирокчилар томонидан айтиб ўтилганидек, Ислом Каримовнинг ёрқин номи ва хизматлари, унинг олижаноб, ватанпарвар ҳамда жасур шахсиятига хос сифатлар, умрини Она ватани тараққиёти ва халқининг фаровонлигига бахш этган фидоийлиги юртдошларимиз қалбида мангу яшайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги