Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пойтахтимизда рангтасвирчи рассом Муҳаммаджон Тожимирзаевнинг шахсий кўргазмаси очилди
2017-01-27 | Маданият
Ўзбекистон Бадиий академияси марказий кўргазмалар залида рангтасвирчи рассом Муҳаммаджон Тожимирзаевнинг шахсий кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар таниқли мусаввир Муҳаммаджон Тожимирзаевнинг ўзига хос ижод йўли, дунёқараши, фалсафий олами у яратган тасвирларда моҳирона экс этгани ҳақида сўз юритди.
М.Тожимирзаев 1962 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Унинг ижод намуналари Брюссель, Москва, Рига ва бошқа шаҳарларда ўтказилган кўргазмаларда намойиш этилган. У рангтасвир сирларини Р.Аҳмедов, И.Валихўжаев, В.Жмакин, В.Бурмакин каби устозларидан ўрганган. М.Тожимирзаевнинг ижодида ҳаёт ва ҳақиқат манзарасига кенг ўрин берилган. Бу чизмалар шунчаки ранглар билан эмас, фалсафий мушоҳада йўғрилган шакл ва чизиқлар билан ифода этилади.
– Муҳаммаджон Тожимирзаев ўзининг йўналишини топган мусаввир, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Раҳимжон Низомуҳаммедов. – У устозларидан кўп ўрганди. Аммо уларга тақлид қилмай, ижод йўлини топгани жуда қувонарли. Эътибор бериб кузатсангиз, рассом ижодида тасвирлар очиқ ва аниқ ҳолатда кўринмайди. Улар уч-тўрт ранглар уйғунлиги, қоришмасига ўхшайди. Бундай яширин тасвир мухлисни ҳар доим фикрлашга, улардан янги-янги маънолар излашга ундайди. Бу эса ижодкорнинг катта ютуғидир.
Кўргазмада муаллифнинг саксондан ортиқ ижод намунаси намойиш этилмоқда.
Манба: ЎзА