Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Муҳим вазифалар белгилаб олинди
2017-01-27 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ва Фермерлар кенгаши ҳамкорлигида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Иқтисодиёт, Молия вазирликлари, Марказий банк, Фермерлар кенгаши вакиллари ва ҳудудий кенгашлар раислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистон Фермерлари кенгаши раиси С.Турдиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Мустақиллик йилларида фермерликни ривожлантириш, фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий мустақиллиги учун ҳуқуқий асослар ва кафолатларни яратиб берувчи қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда фермерлик ҳаракати қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчисига ҳамда аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айланди.
Мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида аграр соҳадаги ҳолат, хато ва камчиликларни давлатимиз раҳбари танқид қилди. «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан қишлоқ хўжалигига фосфорли ўғитларни тўлиқ етказиб бермаслик ҳолати, уларнинг танқислиги, охирги ўн йилда минерал ўғитларнинг нархи бир неча баробар ўсганлиги таъкидланди.
Фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича номзодлар танлашда хатоларга йўл қўйилаётганлиги ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди. Айрим фермер хўжаликлари етарлича айланма маблағлар, зарур техника ва бошқа моддий-техник ресурсларга эга эмаслиги, бу қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигига, шартнома мажбуриятлари бажарилишига ва фермер хўжаликларининг рентабеллигига салбий таъсир кўрсатаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Давра суҳбатида давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш, фермерлик ҳаракатини изчил ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Манба: ЎзА