Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи
2017-01-27 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Қўмита раиси А.Шодмонов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбир қатнашчиларининг эътибори миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришга доир чора-тадбирлар муҳокамасига қаратилди. Мазкур йўналишда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг ролини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантиришга қаратилган таркибий ислоҳотларни давом эттириш, ҳудудларни комплекс ва мувозанатли ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш, туризм соҳасини тараққий эттириш борасида қатор таклифлар илгари сурилган.
Мамлакатимизда хусусий мулкчилик шаклларини ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг миллий иқтисодиётдаги улуши тобора ортиб бормоқда. Айни пайтда хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, барча турдаги тўсқинликлар ва чекланишларни бартараф этиш соҳани барқарор тараққий эттиришнинг муҳим шартига айланди.
– Коллеж ва олий ўқув юртлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилгани натижасида ишбилармонлар қаторида ёшлар сони тобора ортиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи Д.Абдуазизов. – Мазкур тадбиркорлар тоифасининг билим ва малакасини янада ошириш эса корхоналарнинг барқарор фаолият кўрсатишида муҳим ўрин тутади.
Давра суҳбатида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси юзасидан таклифлар билдирилди.
Манба: ЎзА