Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ахборот хизматлари ва миллий веб-сайтларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳокама қилинди
2017-01-27 | Технологиялар
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари ва глобал интернет тармоғида фаолият кўрсатаётган миллий веб-ресурслар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш" мавзуида тадбир ташкил этилди.
Турли вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматлари ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари ҳамда юртимизда фаолият юритаётган миллий веб-порталлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари, соҳага оид янгиликлар, мавжуд долзарб масалалар муҳокама этилди.
Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда барча турдаги медиа тузилмалар сингари интернет нашрларни равнақ топтириш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Бугунги кунда мамлакатимиз интернет тармоғида фаолият кўрсатаётган веб-сайтларнинг аксарияти ахборотни шакллантириш ва тарқатиш характеридаги медиа тузилмалардир. "Uz" доменида 30 мингга яқин веб-сайт бўлиб, уларнинг 395 таси интернет оммавий ахборот воситаси сифатида фаолият кўрсатмоқда. Бутунжаҳон глобал тармоғидан фойдаланувчилар сони йил сайин ортиб бораётган бир пайтда веб-сайтлар фаолиятини давр руҳига ҳамоҳанг такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасининг "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонуни нормаларининг амалиётга татбиқ этилаётгани аҳоли, медиа тузилмалар, жамоат ташкилотларининг давлат органлари ахборот манбаларидан кенг фойдаланиши имконини яратди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, фуқароларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишни талаб этмоқда.
Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ахборот хизматлари ишини такомиллаштириш, улардаги ходимларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш юзасидан туркум ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари мунтазам ўтказилмоқда. Жамоат фонди муассислигида ташкил этилган "telegraf.uz" ахборот-таҳлилий порталида мамлакатимиз ҳаётига оид таҳлилий мақолалар жойлаштирилмоқда. Мазкур портал ёрдамида жамоатчилик, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари матбуот хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш учун "Очиқ мулоқот" рукни ташкил этилган.
Тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари салоҳиятини янада юксалтириш, бунда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва интернетнинг кенг имкониятларидан унумли фойдаланиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Манба: ЎзА