Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – кўп миллатли аҳил мамлакат
2017-01-24 | Жамият
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 24 январь куни Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирга миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, парламент ва ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари таклиф этилди.
Тадбир иштирокчилари аввал Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Байрам тадбири очиқ деб эълон қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 24 январь куни миллий маданий марказларнинг бир гуруҳ фаоллари билан учрашди. Учрашув қатнашчилари ва улар тимсолида кўп миллатли бутун Ўзбекистон халқини Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги билан самимий табриклади. Давлатимиз раҳбари миллий маданий марказлар фаолларидан бир гуруҳига Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширди.
Тантанали маросимда ана шу тадбир тафсилотлари намойиш қилинди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 январдаги қарорига биноан мамлакатимизда Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилди.
1992 йили Ўзбекистонда турли миллат ва элатларнинг 10 миллий маданий маркази фаолият юритган бўлса, бугун улар 137 тага етди.
– Ўзбекистонда туғилдим, шу ерда таълим-тарбия олдим, оилали бўлдим, шу буюк ва муқаддас Ватан фарзанди эканимдан фахрланаман, – деди Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, сенатор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Агриппина Шин. – Мамлакатимизда миллий маданий ранг-баранглик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлангани барқарорликни таъминлашда, жамиятимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистоннинг миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги катта тажрибаси бутун дунёда кенг эътироф этилмоқда, кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда.
Манба: ЎзА