Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сурхондарё вилояти фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди
2017-01-24 | Жамият
Термизда 2016 йил якунлари ва 2017 йилда Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳисобот даврида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан амалга оширилган ишлар натижалари ва йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни ишга тушириш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш юзасидан олиб борилаётган ишлар вилоят иқтисодиётининг барча соҳаларида изчил ўсиш суръатларини таъминлаш имконини берди. Қурилиш, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги тармоқларида таркибий ўзгаришлар юз берди. Ялпи ҳудудий маҳсулот, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қурилиш-монтаж ишлари ҳажми ортди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилаётган эътибор самарасида соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши ва экспорт салоҳияти юксалди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида вилоятда бир қатор янги лойиҳалар амалга оширилиши, жумладан, саноат салоҳиятини янада юксалтириш кўзда тутилган. Сервис ва хизмат кўрсатиш сифатига алоҳида аҳамият қаратилади. Қишлоқ жойларда тоза ичимлик суви ва табиий газ таъминоти яхшиланади. Янгиланган намунавий лойиҳалар асосида мингдан зиёд замонавий уй-жой бунёд этилади. 150 дан ортиқ таълим, тиббиёт муассасалари, болалар спорти иншоотлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари капитал таъмирланади, реконструкция қилинади, янгидан қурилади.
Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Сурхондарё вилояти фаоллари йиғилишида вилоят ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА