Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Элим деб, юртим деб яшаганлар ҳеч қачон унутилмайди

2017-01-24 | Жамият

Халқнинг тинч ва фаровон ҳаёти, ёруғ келажаги учун умрини бағишлаган инсонлар номи абадиятга дахлдордир. 

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ана шундай саодатга мушарраф бўлган, халқимизнинг меҳрини қозонган, миллионлаб одамларнинг қалбидан мангу жой олган тарихий шахс эди. 

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Буюк Йўлбошчимиз таваллуд топган кун – 30 январь санасини нишонлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда ушбу сана муносабати билан турли маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилаётир. 

Тадбирларни байрамона руҳда ташкил этишда Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши каби турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар фаол иштирок этмоқда. 

Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги Ҳабибий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ва Сергели тиббиёт коллежида бўлиб ўтган тадбирларда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз озодлигини таъминлаш йўлидаги улкан хизматларини ёшлар онгу қалбига сингдириш тарбиявий аҳамиятга эга экани таъкидланди. 

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида мангу қолади. Халқимиз тарихан қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларни ҳақли равишда Биринчи Президентимиз номи билан боғлайди. 

– Бугун ёшларимиз тинч ва осойишта осмон остида, ота-онаси бағрида эмин-эркин улғаймоқда. Улар истиқлолни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унинг қадрига етиш зарурлигини, бу ёруғ ва саодатли кунларимиз, бахтиёр ҳаётимиз халқимизнинг фидойи инсонлари чеккан машаққатлар эвазига келганини билиши керак, – дейди Ҳабибий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусниддин Бегматов. – Буюк Йўлбошчимиз таваллуди муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда халқимизга, айниқса, ёшларга бу ҳақда атрофлича ҳикоя қилиб бермоқдамиз. 

Самарқанд давлат университетида ўтказилган ана шундай тадбирда Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти, бой маънавий мероси ҳақида сўз юритилди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси М.Қуронов, “Ўзбекистон овози” – “Голос Узбекистана” газеталари бош муҳаррири С.Остонов ва бошқалар йигирма беш йил ичида Ўзбекистоннинг дунёда ўз муносиб ўрнига эга бўлгани, жадал иқтисодий тараққий этиши, аҳоли турмуш даражасининг муттасил ўсиб бориши Биринчи Президентимиз фаолияти, пухта ва узоқни кўзлаб олиб борган сиёсати билан боғлиқ эканлигини таъкидлади. Айниқса, тарихий ҳақиқатнинг қарор топиши, заминимиздан етишиб чиққан буюк алломаларимиз номини абадийлаштириш ва улар меросини асраб-авайлаш, кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар халқимиз маънавий ҳаётини бутунлай янгилаб, янги давлат, янги жамият барпо этишнинг мустаҳкам пойдевори бўлди. 

– Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган машҳур беш тамойил қисқа даврда ҳаётда ўзини оқлаб, дунё давлатлари, халқаро ташкилотлар томонидан тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилди, – дейди Тошкент давлат юридик университети доценти Эшмуҳаммад Қодиров. – Кўплаб давлатлар бу тамойиллардан намуна олишга, уни ўз сиёсатига тарғиб этишга интилди. Таълим тизимидаги ислоҳотлар, қишлоқ жойларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида кучли ижтимоий сиёсат олиб борилиши мамлакатимиз эришган муваффақиятларнинг муҳим омиллари ҳисобланади. 

Шундай тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда. 

Манба: ЎзА

Поделиться