Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғонада вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди
2017-01-24 | Жамият
Фарғонада 2016 йил якунлари ва 2017 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” дея номланган маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 7,6 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари 6,3, қишлоқ хўжалиги 6,2, қурилиш-пудрат ишлари 11, чакана савдо айланмаси 14,5, хизматлар кўрсатиш 16,4 фоиз ўсишига эришилди. 193,9 миллиард сўмлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди.
Вилоятни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2 минг 384 лойиҳа амалга оширилиб, 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Фармацевтика, электротехника, машинасозлик соҳаларида лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобидан янги 24 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Данғара туманидаги “Кенг имкон бизнес” корхонасида шифобахш гиёҳлар, Тошлоқ туманидаги “Элемент кристалл” корхонасида термос ва электр чойнаклар, Фарғона туманидаги “Руббер голд” корхонасида резина плитка ва гранулалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, ўтган йили ҳудудий тасарруфдаги 14 корхонада 22 лойиҳа амалга оширилиб, 37,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Экспорт фаолиятига 96 янги корхона жалб этилиб, улар томонидан 63,4 миллион долларлик маҳсулот хорижга чиқарилди.
Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, экспорт прогноз кўрсаткичларини бажаришда Қўштепа, Бағдод, Риштон, Ўзбекистон туманларида қолоқликка йўл қўйилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, хорижий инвестициялар иштирокида корхоналар ташкил этиш ва маҳсулот экспортини кўпайтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш борасида мавжуд имконият ва салоҳиятдан етарлича фойдаланилмаётгани қайд этилди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳаётий долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратиш, ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Фарғона вилояти фаоллари йиғилишида вилоят ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.
Манба: ЎзА