Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳотамжон Кетмоновнинг Андижон вилояти сайловчилари билан учрашуви
2015-02-18 | Сиёсат
Жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири 17 февраль куни Андижон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов Андижон вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2-Андижон округ сайлов комиссиясининг раиси О.Мирзаев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили А.Нурматов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналарини улар томонидан ички ва ташқи бозорда рақобатбардош истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш, имтиёзли кредитлаш самарадорлигини ошириш, муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини тақдим этаётган корхоналарда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, истиқболли ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш, ўрта махсус касб-ҳунар таълимини эгаллаган ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурлари ҳамда ҳудудий бандлик дастурларига ўзаро боғлиқ бўлган комплекс ёндашувни таъминлаш ва бошқа асосий вазифалар белгиланган.
Учрашувда Халқ демократик партияси Бўз тумани кенгаши раиси М.Тўйчиева, "Асакабанк" Андижон филиали бош ҳуқуқшуноси И.Солижонов ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, бўлажак сайловлар Конституциямиз ва миллий қонунчилигимиз талаблари асосида, умумэътироф этилган халқаро нормаларга мувофиқ ўтаётгани мамлакатимиз сайлов тизимида демократик тамойилларга қатъий амал қилинаётганидан далолат эканини таъкидлади. Сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Манба: ЎзА