Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорлик фаолияти давлат ҳимоясида
2017-01-24 | Иқтисодиёт
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони хусусий мулкни ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси учун қулай шароит яратишда янги босқични бошлаб берди.
Тошкент шаҳрининг Чилонзор ҳамда Шайхонтоҳур туманларида бўлиб ўтган учрашувларда тадбиркорларимизнинг эмин-эркин иш юритишига доир жорий этилган янгиликлар хусусида сўз юритилиб, соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларнинг ечими атрофлича таҳлил этилди.
Учрашувларда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Ҳусанов, Тошкент шаҳар прокурори Б.Қудратхўжаев, шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи М.Пардаев, Чилонзор тумани ҳокими Т.Мирҳидоятов, Шайхонтоҳур тумани ҳокими ўринбосари К.Зоҳидов ва бошқалар мамлакатимизда кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги улушини тобора орттириш, тадбиркорлик соҳасида иш юритиш истагидаги фуқаролар учун кенг имкониятлар яратиш юзасидан изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ҳам қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик фаолияти йўлида учраётган турли тўсиқ ва муаммоларга вақтида барҳам бериш, ўз ишини бошлаш истагидаги фуқаролар учун кенг эркинлик ва қулайликлар яратиш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
– Корхонамиз 2006 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда, – дейди Чилонзор туманидаги "Ипак нур текс" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Саида Ҳакимова. – Аҳолининг турли қатламлари учун кенг ассортиментдаги кийим-кечаклар тикиладиган корхонамизда асосан касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислар меҳнат қилмоқда. Яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида шу кунларда биз қўшимча 30-40 битирувчи учун янги иш ўринларини барпо этиш чора-тадбирларини кўрмоқдамиз.
Шайхонтоҳур туманида 9 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъект рўйхатдан ўтган. 2016 йилда туманда ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот ва бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида турли сабабларга кўра фаолиятини тўхтатиб қўйган 800 дан зиёд тадбиркорлик субъекти ўз ишини қайта тиклаб, янги иш ўринлари яратилган.
– Корхонамиз ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш соҳасида 22 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда, – дейди Шайхонтоҳур туманидаги "Яшил барг" корхонаси раҳбари Венера Абдураззоқова. – Банкдан кредит олиш ва бошқа баъзи молиявий масалаларда қийинчиликларга дуч келаётган эдик. Бундай учрашувлар турли тўсиқларга тўғри ва оқилона ечим топиш, юртимиздаги ҳар бир тадбиркор ҳамиша давлатимиз ҳимоясида эканини теран ҳис этиш имконини бермоқда.
Учрашувларда мутахассислар тадбиркорларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Манба: ЎзА