Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ билан мулоқот – замон талаби
2017-01-24 | Жамият
Андижон вилояти ҳокимлигида халқ билан мулоқот тизимини такомиллаштириш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этиш, мазкур йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтариш, тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Азизов ва бошқалар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида мазкур соҳа иқтисодий тараққиётимиз ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчига айланаётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги «Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови» номли маърузасида мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган долзарб вазифалар белгилаб берилди. Тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш шулардан бири бўлиб, бу иқтисодиётимиз барқарорлиги, халқимиз фаровонлигининг энг муҳим омилларидан биридир.
Инсон манфаатларини таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтиришда халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини билиш муҳим ҳисобланади. Халқ билан мулоқот инсон манфаатларининг юксалишига хизмат қилмоқда.
Мулоқотда Президентимиз маърузаси ҳамда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги асосий вазифалар, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилги асосий йўналишлари, солиқ қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашдаги муҳим вазифалар, бу борада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.
Видеомулоқот тарзида ўтган тадбирда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан вакиллар иштирок этди. Тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди, зарур ҳуқуқий маслаҳат берилди.
Тадбир доирасида тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.
Манба: ЎзА