Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳаракат стратегияси муҳокамасига бағишланди
2017-01-24 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракат стратегияси муҳокамасига бағишланган тадбир ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси С.Отамурадов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси А.Жалилов ва бошқалар мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминлангани, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда халқимизни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ва илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилган ҳолда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракат стратегияси тайёрланди. Ҳаракат стратегиясида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий соҳалар ва хавфсизликни таъминлаш бўйича бешта устувор йўналиш белгиланган. Ҳаракат стратегияси беш босқичда, келгуси беш йилда юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.
Тадбирда иштирокчилар томонидан ҳар бир йўналиш бўйича келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш атрофлича муҳокама қилинди. Парламентнинг халқаро муносабатларини кенгайтириш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар муваффақиятига ҳисса қўшиш, шу мақсадда халқаро муносабатлар билан боғлиқ бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро шартномалар тўғрисида”, “Давлат дипломатик хизмати тўғрисида”ги қонунлари ва Консуллик уставини такомиллаштириш бўйича бошланган ишларни охирига етказишга доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқ билан мулоқот самарадорлигини янада ошириш мақсадида Президентнинг, давлат бошқарув органлари раҳбарларининг виртуал қабулхоналари, жойларда Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилганлиги халқ билан мулоқот қилишнинг самарали механизмини яратмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурҳонов. – Ҳаракат стратегияси лойиҳаси бўйича халқимиз томонидан кўплаб фикр мулоҳазалар ва таклифлар билдирилмоқда. Бу эса келажакда қабул қилинаётган хужжатларнинг халқчил бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурига киритилган Ўзбекистон Республикаси меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган ишлар ва қонун лойиҳалари бўйича депутатлар ўз таклифларини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракат стратегияси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, экспертлар, мутахассислар, журналистлар иштирок этди.
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов ва бошқалар мамлакатимизда мустақиллик йилларида жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган туб ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишда юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.
Бу борадаги ислоҳотларни, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, барча соҳаларни либераллаштириш, мамлакатимизни модернизациялаш жараёнларини чуқурлаштириш жамият тараққиётини юксалтиришнинг муҳим омилидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ана шундай устувор вазифалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракат стратегиясида муҳим вазифалар ўз ифодасини топган. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, иқтисодиётни янада ислоҳ этиш, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш билан боғлиқ чора-тадбирлар қамраб олинган.
Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилишда парламентнинг ролини кучайтириш стратегияда белгиланган муҳим йўналишлардан биридир. Депутатлар ва экспертлар ҳаракат стратегиясини муҳокама қилиш асносида 2017 йилда бу йўналишда амалга ошириладиган устувор масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш билан боғлиқ долзарб вазифалар таҳлил этилди.
Мамлакатимизда «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилининг изчиллик билан амалга татбиқ этилиши натижасида давлат ташкилотларининг айрим ваколатлари босқичма-босқич нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ўтмоқда. Бунинг натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг мамлакатимизда олиб борилаётан ислоҳотлардаги фаоллиги ошмоқда, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш услублари такомиллашаётир.
Ҳозирги кунда элликдан ортиқ қонунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмлари белгиланган. Бу борада ҳуқуқий муносабатларнинг тобора чуқурлашаётгани ушбу йўналишдаги қонунчиликни ҳам янада такомиллаштиришни тақозо этаётир. Шундан келиб чиқиб ишлаб чиқилаётган «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун ушбу фаолиятни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
«Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, ушбу соҳага масъул давлат органларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини қонун талабларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Тадбирда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласига эътибор қаратилди.
Экология соҳасида қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, экологик экспертиза ва чиқиндиларни бошқариш бўйича ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш билан боғлиқ вазифалар хусусида фикрлашилди.
Йиғилишда ҳаракат стратегияси асосида амалга оширилиши лозим бўлган асосий фаолият йўналишлари юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Манба: ЎзА