Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда маиший чиқиндиларни бошқариш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди
2017-01-21 | Экология
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш бўйича лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари О.Очилов, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен Биет де Вилмор хоним мазкур лойиҳа Самарқанд шаҳрида экологик ва санитар-эпидемиологик ҳолатни барқарорлаштириш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш, улардан самарали фойдаланишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Кейинги икки йилда Франция тараққиёт агентлиги, “Naldeo” компанияси ва “Таъмирлойиҳа” лойиҳа институти томонидан лойиҳани тайёрлаш ва ишлаб чиқиш бўйича техник ишлар бажарилди. Ҳудуд ўрганилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди. Ишлаб чиқилган техник ва иқтисодий кўрсаткичларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 37,1 миллион евро бўлиб, унинг 23,5 миллиони Франция тараққиёт агентлиги кредити ҳисобланади.
– 2017-2019 йилларга мўлжалланган лойиҳа Самарқанд шаҳрида энг илғор тажрибалар ва жаҳон андозаларига мувофиқ маиший чиқиндиларни самарали ва узоқ муддатли яхлит бошқариш тизимини яратишга қаратилган, – дейди Франция тараққиёт агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Рафаэл Жозан. – Унда чиқиндиларни бошқаришнинг барча ишлари, уларни йиғиш, қайта ишлаш ва утилизация қилишни молиялаштириш қамраб олинган. Жумладан, 200 га яқин чиқинди йиғиш пункти қуриш ва таъмирлаш, 70 чиқинди йиғиш транспорти харид қилиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни турларга ажратиш ва уларни кўмиш марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳа бўйича кўзда тутилган қаттиқ маиший чиқиндиларни техник кўмиш марказидан биогаз ишлаб чиқарувчи биореактор сифатида фойдаланилиб, олинган газ чиқиндиларини йиғиш транспортларига қуйилади. Шу каби жиҳатлари билан мазкур лойиҳа Марказий Осиё минтақасида биринчи ҳисобланади.
Тақдимотдан сўнг франциялик меҳмонлар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари лойиҳа амалга ошириладиган ҳудуд, шаҳардаги чиқинди йиғишга ихтисослашган корхоналар ва чиқинди йиғиш пунктлари фаолияти билан танишди.
Манба: ЎзА