Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманганда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди
2017-01-21 | Иқтисодиёт
Наманганда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари масъул ходимлари, прокуратура, ички ишлар, банк, молия, солиқ, божхона идоралари раҳбарларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Азизов ва бошқалар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган кенг имкониятлардан вилоятда нечоғли унумли фойдаланилаётгани, эришилаётган натижалар ва йўл қўйилаётган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Бугунги кунда вилоятда 16 минг 500 дан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ва экспортдаги улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Экспорт йўналишида уларнинг ҳиссаси 69 фоизни ташкил этиб, ўтган йилда 150 миллион долларлик маҳсулот ташқи бозорга чиқарилди.
Вилоятда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишига тўсқинлик қилиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Бу рўйхатга олишда ҳужжатларни расмийлаштириш, ер ажратиш, кредит олиш каби ташкилий масалаларда кўзга ташланмоқда. Таҳлилларга кўра, бундай муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари тадбиркорлар ва уларга хизмат кўрсатувчи давлат идоралари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги билан боғлиқ.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва мазкур ҳужжат ижросини таъминлашдаги муҳим вазифалар, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан фикр алмашилди. Турли сабаблар билан ўз фаолиятини тўхтатиб қўйишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектларига ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларга амалий ёрдам бериш, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини банк терминаллари билан таъминлаш, битирувчи ёшлар, хотин-қизлар бандлиги, касаначилик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Мулоқотда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди, зарур ҳуқуқий маслаҳат берилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.
Манба: ЎзА