Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Замонавий технология – самарадорлик омили

2017-01-21 | Иқтисодиёт

Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий суғориш технологияларини кенг татбиқ этиш, экин майдонларини томчилаб суғориш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Тошкент давлат аграр университети ректори Б.Сулаймонов ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилаётган доимий эътибор сувни тежаш ҳамда минтақамизда экологик барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги илм-фанини янги босқичга кўтариш муҳимлигини таъкидлади. 

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий суғориш технологияларини татбиқ этиш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, экин майдонларини томчилаб суғориш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

Давра суҳбатида ўтган йиллар давомида мамлакатимиз бўйича 18,5 минг гектар майдонга томчилаб, 18,4 минг гектар ерга эгилувчан қувурлар ёрдамида, 16,3 минг гектар майдонда эгатларга плёнка тўшаб суғориш усуллари жорий этилиб, улардан самарали фойдаланиб келинаётгани қайд этилди. 

– Бугунги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, соҳанинг етакчи олимлари ҳамда ёш тадқиқотчилар томонидан мазкур соҳадаги долзарб масалалар муҳокама этилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Исмоил Зокиров. – Томчилаб суғориш тизимини жорий этган фермер хўжаликлари ҳамда сувни тежовчи замонавий технологияларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратиб бериш, асосий аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудлар атрофида мева-сабзавот ва полиз экинлари етиштирадиган майдонларда сувни тежовчи технологиялар янада кенг жорий этилишини жадаллаштириш масалалари илгари сурилди. Замонавий тежамкор технологияларни тайёрлаётган олимлар ва тадқиқотчиларнинг ишларини амалиётга кенг жорий этиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Давра суҳбатида аграр соҳада етук малакали кадрлар тайёрлаш борасида ҳам бир қатор долзарб вазифалар белгилаб олинди. 

Манба: ЎзА

Поделиться