Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Электрон декларациялаш хизмати такомиллаштирилмоқда
2017-01-21 | Технологиялар
Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўламининг кенгайиши божхона назорати ва расмийлаштирувини янада такомиллаштириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун имтиёзлар ва қулайликлар яратишда муҳим омил бўлмоқда.
Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан 2013 йил 1 январдан бошлаб товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштириш тартиби амалиётга жорий қилинган.
Унга биноан Давлат божхона қўмитаси томонидан бериладиган малака аттестатига эга божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар қўмитанинг www.bojxona.uz веб-сайтидаги ҳаволадан “Электрон декларациялаш” ахборот тизимига электрон рақамли имзо орқали кириб, божхона юк декларацияларини бевосита ўз идораларидан чиқмасдан туриб, божхона органларига тақдим этиб келмоқда.
Ўтган йиллар давомида мазкур амалиёт ўзини тўла оқлаб, биргина 2016 йилда божхона органларига тақдим этилган 392 мингдан ортиқ божхона юк декларацияларининг деярли барчаси электрон кўринишда келиб тушган.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига янада қулайлик яратиш мақсадида эндиликда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам “Божхона органларига электрон божхона юк декларацияларини тақдим қилиш” хизмати жорий қилинди.
Портал орқали ариза шакли тўлдирилади. Унга “е-БЮД” дастури орқали аввалдан тайёрланган божхона юк декларациясининг электрон шакли илова қилинган ҳолда юборилади. Илова қилинган декларация Давлат божхона қўмитаси томонидан берилган электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши шарт. Фойдаланувчилар “е-БЮД” дастурини қўмита веб-сайтидан бепул кўчириб олиши мумкин.
Божхона органларига электрон божхона юк декларацияларини тақдим қилиш хизмати 5 босқичдан иборат. Жараён муваффақиятли якунланганда мутахассисга божхона юк декларациясининг рўйхатдан ўтган рақами ҳамда мазкур декларациянинг QR код билан ҳимояланган pdf форматдаги шакли тақдим этилади.
Мазкур хизмат ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона органлари томонидан кўрсатилаётган электрон хизматларни ягона манзилдан туриб тақдим этиш имконини бермоқда.
Манба: ЎзА