Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди
2017-01-21 | Жамият
Унда адлия органлари ва муассасалари томонидан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида 2016 йилда амалга оширилган ишлар якуни ва жорий йилда бажарилиши лозим бўлган вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Бунда асосий эътибор Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида кўрсатиб ўтилган вазифаларга қаратилди.
Адлия вазири М.Икромов бошқарган йиғилишда адлия органлари мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи кўплаб қонун ҳужжатларини тайёрлаш, амалда жорий этиш, бир хилда ва аниқ қўлланилишини таъминлаш борасида изчил фаолият олиб бораётгани таъкидланди. Тадбиркорлар ва хусусий мулк эгаларининг қонуний манфаатлари ҳимояси изчил таъминланмоқда. Фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи тузилмалар фаолиятини тартибга солиш ва самарадорлигини ошириш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилаётир.
2016 йилда 75 норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 14 қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди. 2,5 мингдан ортиқ қонун ҳужжати лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. 309 идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат рўйхатига олинди.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича вазирлик ва идораларга 6 мингдан ортиқ тақдимнома киритилиб, уларнинг мингдан зиёд ноқонуний қарори бекор қилинди.
Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Судларга киритилган 122 миллиард сўмга яқин даъво аризалари қаноатлантирилди. 2,2 мингдан зиёд фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланиб, уларда 5 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.
Олиб борилган назорат ишлари натижасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган ноқонуний текширишлар 87 фоизга, текширишлар тартибини бузиш ҳолати 37 фоизга камайди.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича Адлия вазирлигига юклатилган вазифалар ижроси юзасидан “Ёшларга доир давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун қабул қилиниб, 2016 йил 15 сентябрда кучга кирди.
Ҳайъат мажлисида ўтган йил давомида бажарилган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Ютуқлар билан бирга айрим адлия органлари ва муассасалари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқид қилинди. Ижро интизомини мустаҳкамлаш, фаолиятни тизимли равишда режалаштиришни амалга ошириш, назорат ва мониторинг тадбирларини ўз вақтида ўтказиш, муаммоларни келтириб чиқараётган сабаб ҳамда шароитларни аниқлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида адлия органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Манба: ЎзА