Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ ичига кириб бориб, одамлар билан мулоқот қилиш – инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили
2017-01-21 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 20 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи ташрифини қорақалпоқ заминидан бошлагани муҳим аҳамиятга эга. Бу албатта давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга, қорақалпоқ халқига бўлган юксак ҳурмат-эътиборидан далолат беради.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил 10 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида: “Мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман!”, деб таъкидлаган эди. Шу билан бирга, ушбу минтақада яшаётган аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталиб, жумладан: “Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса, чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назоратга оламиз”, деган эди.
Айтиш мумкинки, Қорақалпоғистон Республикасига бугунги ташриф ана шундай эзгу мақсадларнинг, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида белгиланган вазифаларнинг яна бир амалий ижроси сифатида намоён бўлди.
Маълумки, давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳалари ҳам жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг қарийб ярми, ҳудудий экспортнинг 75 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда.
Айни пайтда бу ҳудуднинг мураккаб шароити, Орол денгизи билан боғлиқ минтақада юзага келган экологик офат аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оила ва маҳалла институтларига эътибор қаратиш, аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш каби бир қатор муҳим масалалар юзасидан кечиктириб бўлмайдиган амалий ишларни талаб этмоқда.
Ана шу мақсадда давлатимиз раҳбари ташриф давомида оддий одамлар билан учрашди, оилаларга кириб, уларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишди. Халқ билан самимий мулоқотлар бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хўжайли тумани марказий шифохонасига ташриф буюрди. Замонавий тиббий техника билан жиҳозланган ушбу муассаса тумандаги 11 қишлоқ врачлик пункти ва 4 поликлиника билан биргаликда 130 мингдан зиёд аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.
Саломатлик инсоннинг энг қиммат бойлигидир. Одамларга саломатлигини мустаҳкамлашда ёрдам кўрсатадиган мутахассис энг шарафли касблардан бирининг эгасидир.
Шавкат Мирзиёев шифохонадаги шароит билан танишди, қабул, рентген, диагностика ва қатор бошқа бўлимларни кўздан кечирди. Шифокорлар билан мулоқотда малакали тиббий кадрлар етиштириш, тиббий жиҳозлардан унумли фойдаланиш, хизмат малакасини ошириш, шифохоналар қуришда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос иқлим шароитидан келиб чиқиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шундан сўнг Президентимиз “Мурувват” аёллар интернатига бориб, ушбу муассаса фаолияти билан танишди. Шифокор ва ҳамширалар билан суҳбатлашиб, бу масканда яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш учун давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.
Тумандаги 69-мактаб ўқитувчилари билан бўлган мулоқот чоғида мактабларнинг инфратузилмасини яхшилаш, бу ерда лицей ва коллежларнинг бўлғуси муносиб ўқувчиларини тайёрлаш ва умуман Ватан равнақи учун малакали кадрлар тарбиялаш ишларини такомиллаштириш мавзуида сўз борди.
Шавкат Мирзиёев Агросаноат маркази қурилаётган участкага ҳам ташриф буюрди. 2017-2018 йилларда ишга туширилиши мўлжалланаётган ушбу мажмуа 11 гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш бинолари, шунингдек, терминал, юк тушириш ва ортиш майдони, музхоналар, иссиқхоналар, божхона, ангар, меҳмонхона, овқатланиш муассасаси, спорт мажмуаси каби иншоотлар барпо этилади.
Шу ернинг ўзида Хўжайлида турар-жой инфратузилмасини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари одамлар бошланган ўзгаришларни ўз ҳаётида ҳис қилиши учун жорий йил якунигача 40 кўп қаватли турар-жой биноси барпо этиш ва фойдаланишга топшириш тўғрисида кўрсатма берди.
Шавкат Мирзиёев “Қорақалпоғистон” қишлоқ врачлик пунктида ҳам бўлди. Шифокорлар билан суҳбат асносида аҳолининг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлашда тиббиёт муассасалари ходимларининг фаолияти алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Қишлоқ врачлик пунктларини замонавий тиббий жиҳозлар билан бир қаторда дори-дармон ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Президентимиз Шуманай тумани Жумабой Бозоров номидаги болалар мусиқа ва санъат мактабига ташриф буюрди. 211 ўқувчи таълим олаётган бу даргоҳда миллий мусиқа асбоблари, фортепьяно, хореография, тасвирий санъат каби ўндан зиёд йўналишда дарс ўтилади. Муассаса очилганига атиги бир неча йил бўлганига қарамай, унинг ўқувчилари қатор танловларда, хусусан, 2 марта мамлакатимиз миқёсида ўтказилган кўрикда биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари билан мулоқот чоғида жамоатчилик вакиллари Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ёш авлодни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб вояга етказишга алоҳида эътибор бергани, Президентимиз Шавкат Мирзиёев у кишининг бу борадаги хайрли ишларини изчил давом эттираётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Агросервис МТП” масъулияти чекланган жамиятининг Қанликўл тумани филиалида ҳам бўлиб, баҳорги дала ишларига пухта тайёргарлик кўриш ҳақида фикрлашди. Туманда пахта майдонини босқичма-босқич қисқартириб, чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.
Қанликўл педагогика коллежида бўлган мулоқотда Президентимиз коллеж мутахассисликларини замон талабига мос равишда ўзгартириш, туман иқтисодий-ижтимоий ҳаёти учун зарур кадрлар тайёрлаш кераклигини таъкидлади. Илмий, бадиий адабиётларни қорақалпоқ тилига ўгириш, чоп этиш ва таълим масканларига етказиб бериш бўйича тавсиялар берди.
Давлатимиз раҳбари Қўнғирот – Мўйноқ ичимлик суви тармоғи қурилиши бошланиши билан танишди. 101 километрлик ушбу сув тармоғи ишга туширилгач, бир кеча-кундузда 7 минг куб метр сув узатиш ва 25 мингдан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилади.
Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давом этмоқда.
Анвар Бобоев, Анвар Самадов, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА