Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вақт ҳам, маблағ ҳам тежалмоқда
2015-02-14 | Иқтисодиёт
Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида кичик бизнес субъектлари томонидан статистик ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиш механизмлари сезиларли даражада соддалаштирилгани таъкидланди.
Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шароит яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самараларини бераётир. Дарҳақиқат, статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларнинг электрон шаклда тақдим этилаётгани барча хўжалик субъектларига қатор қулайликлар яратаётир.
Президентимизнинг 2012 йил 16 июлда қабул қилинган "Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицeнзияланадиган фаолият турларини ва руxсат бeриш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
– Мазкур фармон ижроси доирасида ҳисоботлар унификация қилиниб, соддалаштирилгани ҳамда уни тақдим этиш тартибининг такомиллаштирилгани субъектларнинг вақт ва маблағини тежашда муҳим омил бўлмоқда, – дейди Бухоро вилояти статистика бошқармаси бошлиғи Б.Ғиёсов. – Масалан, микрофирмалар илгаригидек йилида тўрт марта ўрнига бир марта, фермер хўжаликлари 5 марта эмас, уч марта шундай ҳужжатни тақдим қилмоқда. Вилоятдаги 17,5 мингдан зиёд хўжалик юритувчи субъектлар ҳисоботларни электрон шаклда узатишга ўтиш жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари бўйича моддий-техник базасини мустаҳкамлади. Статистика идораларида ҳам бу борада тегишли ташкилий-техникавий тадбирлар амалга оширилди. Бугунги кунда статистика бошқармаси ҳамда унинг туман ва шаҳарлардаги бўлимлари замонавий компьютер техникалари, сервер аппаратлари ва алоқа воситалари билан тўлиқ таъминланган.
Давлат статистика қўмитаси билан тизимнинг қуйи бўғинлари ўртасида ахборот хавфсизлиги талаб ва меъёрларига жавоб берадиган "UzNet" интернет провайдери тармоғи асосида ҳимояланган электрон почта ёрдамида юқори тезликдаги маълумот алмашиш корпоратив (VPN) тармоғи ишламоқда.
Қўмитанинг вилоят бошқармасида www.buxstat.uz расмий веб-сайти ташкил этилган. Унда соҳага оид қонун ва қонуности ҳужжатлари, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар жойлаштирилмоқда. Бу тадбиркорларга ўзларини қизиқтирган маълумотларга тез ва сифатли эга бўлиши учун қулай имконият яратмоқда. Сайтда статистик ҳисоботларни электрон шаклда тақдим этишнинг қулайликлари, электрон ҳисоботни юбориш тартиблари бўйича интерактив хизматлар ҳам жорий қилинган.
Статистик ҳисоботларнинг тўлиқ электрон шаклда тақдим этилишини таъминлашда жойларда олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари муҳим аҳамият касб этаётир.
– Илгари молиявий, солиқ ва статистик ҳисоботларни қоғоз-ҳужжат кўринишида топшириш учун қатор идораларда навбат кутиб, вақт сарфлашга тўғри келарди, – дейди Шофиркон туманидаги қоракўлчиликка ихтисослашган "Ғалаба" ширкат хўжалиги бош ҳисобчиси С.Сулаймонов. – Энди бунга чек қўйилди. Электрон ҳисоботларни тақдим этиш борасидаги малака ва тажрибамизни оширишда статистика бўлими ходимлари ҳам услубий, ҳам амалий жиҳатдан кўмаклашмоқда.
Бундай кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўз самарасини бераётир. Масалан, вилоятда электрон кўринишда ҳисобот топширган тадбиркорлик субъектлари 2013 йилда 93 фоизга ўсди. Ўтган йилнинг тўртинчи чорагида бу кўрсаткич 99,6 фоизга етди.
Амалга оширилаётган ишларнинг самараси сифатида шуни қайд этиш керакки, давлат статистика ҳисоботлари учун 2011 йили вилоятда бланка шаклида 3,5 тоннага яқин қоғоз сарфланган бўлса, эндиликда бунга деярли ҳожат қолмади. Замонавий технология барча субъектларда, жумладан, кичик бизнес корхоналарида сарф-харажатларни, ходимларнинг вақтини тежашга хизмат қилмоқда.
Яна бир масала. Ҳисоботларнинг электрон шакли статистика идоралари ходимлари учун ҳам қатор қулайликлар яратди. Ҳисоботларни таҳлил этиш, ўрганиш жараёнлари тезлашди. 2015 йилдан бошлаб статистика органларида барча давлат статистик ҳисоботлари тўлиқ электрон шаклда қабул қилинмоқда.
Манба: ЎзА