Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон маҳсулотларининг довруғи
2015-02-14 | Иқтисодиёт
Москвада ўтказилган озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар "ПродЭкспо – 2015" анъанавий халқаро кўргазмасида "Ўзвиносаноат-холдинг" компанияси маҳсулотлари юқори эътирофга сазовор бўлди.
Унда 65 мамлакатдан икки мингдан ортиқ фирма ва компания ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Халқаро кўргазмада "Ўзвиносаноат-холдинг" компанияси 115 турдаги кенг ассортиментдаги маҳсулотлари билан қатнашди.
Айни пайтда Ўзбекистонда узумнинг қирқдан ортиқ нави етиштирилиб, маҳсулотни қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Мамлакатимизда токзорлар ҳосилдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилашга қаратилаётган эътибор бозорлар тўкинлиги ва экспорт имкониятларини оширишга хизмат қилаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 13 мартдаги 2013-2015 йилларда республикада узумчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Анъанага кўра, халқаро кўргазма доирасида 2015 йилнинг энг яхши маҳсулоти танлови ўтказилди. Унда кўргазмада қатнашаётган ишлаб чиқарувчилар орасидан 500 компания бир минг беш юз хилдаги маҳсулоти билан иштирок этди.
Танловда "Ўзвиносаноат-холдинг" маҳсулотлари 18 медаль, жумладан, саккизта олтин медаль билан тақдирланди.
– Саноатбоп навли токзорлар майдони кенгайиб, хомашё базасининг мустаҳкамланиши маҳсулот етиштириш ҳажми ва сифатини ошириш имконини бермоқда, – дейди компаниянинг модернизация ва илғор технологияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Адолат Вострикова. – Натижада маҳсулотларимиз ички ва ташқи бозорда ўз ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Мисол учун, кейинги беш йилда турли танловларда 170 га яқин олтин, кумуш ва бронза медаль, 50 дан ортиқ диплом олишга муваффақ бўлдик. «ПродЭкспо – 2015» кўргазмасидаги ютуғимиз бунинг яна бир эътирофидир.
Манба: ЎзА