Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шеърият кечаси
2015-02-14 | Жамият
Ёшлар ижод саройида Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига бағишланган шеърият кечаси бўлиб ўтди.
Бир қатор ёшлар жамоат ташкилотлари томонидан ташкил этилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар, «Юрт келажаги» республика кўрик-танлови ҳамда «Камалак юлдузлари» болалар ижодиёти фестивалининг адабиёт йўналиши бўйича совриндорлари қатнашди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлодга пухта билим бериш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, бадиий-эстетик тафаккурини тўғри шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ёшлар камолоти ва истиқболига оид саъй-ҳаракатларни кенгайтириш, уларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришда янги уфқларни очмоқда.
Навқирон авлодда Ватанга муҳаббат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришда буюк мутафаккирлар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърияти улкан аҳамият касб этади.
Асадбек Солижонов Успенский номидаги Республика мусиқа академик лицейининг 8-синфида ўқийди. Навоий ғазаллари асосидаги «Эй сабо», «Қаро кўзум», «Фидо» сингари қўшиқларни маромига етказиб ижро этади. У юртимиз ва хорижда бўлиб ўтган бир қатор ижодий фестиваль ва танловлар ғолиби.
– Улуғ аждодларимизнинг ижод намуналари юртни қадрлашга, одоб-ахлоқли бўлишга, меҳнатсеварликка, ҳалолликка, ота-онани ҳурмат қилишга ундайди, – дейди Асадбек. – Мен ушбу тадбирга Навоий ғазали билан айтилувчи «Айлагач» қўшиғини тайёрлаб келдим.
Тадбирда улуғ шоирларимизнинг ижодидан намуналар янгради. Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асари асосида талаба-ёшлар томонидан тайёрланган театрлаштирилган дастур намойиш этилди.
Манба: ЎзА