Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тайёргарлик қизғин
2015-02-14 | Жамият
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёни босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мазкур жараённинг муҳим воқеаларидан биридир.
Ушбу сиёсий тадбирнинг қонун талаблари асосида ўтишини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссиялари муҳим ўрин тутади.
Президентимиз раҳнамолигида мустақиллик йилларида демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро меъёрларга тўла жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини таъминлайдиган мустаҳкам миллий сайлов тизими яратилди. Сайловларнинг қонун талабларига мос равишда очиқлик, ошкоралик ҳамда демократик тамойиллар асосида ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлаш бўйича барча ҳуқуқий асослар мавжуд.
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби 5-Навоий сайлов округи ҳудудида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида мавжуд қонунчиликка қатъий риоя этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ташкил этилган 333 сайлов участкасида сайловчилар учун барча шароит яратилди. Вилоятда рўйхатга олинган сайловчиларнинг 4 минг 563 нафари илк бор овоз берадиган ёшлардир.
Бўлажак сайловнинг очиқ-ошкоралигини ва журналистларни сиёсий жараён билан боғлиқ ахборот билан таъминлаш учун матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилди. Округ комиссиясининг иш режаси, чора-тадбирлар дастури, аъзоларининг вазифалар тақсимоти ҳамда навбатчилик жадваллари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланиб, сайлов участкалари аъзолари учун ўқув-семинарлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Мухтасар айтганда, мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик қизғин давом этмоқда.
Манба: ЎзА