Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Очиқ ва ошкора ўтади
2015-02-14 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссиясида навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раҳбари А.Аҳмедов ушбу муҳим сиёсий жараёнга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида атрофлича маълумот берди.
Вилоятда шу йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори даражада ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Миллий қонунчилигимизга мувофиқ белгиланган муддатда вилоятда 708 сайлов участкаси тузилиб, уларнинг ҳудудий чегаралари, жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотлар маҳаллий матбуотда эълон қилинди. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари тавсияси асосида шакллантирилган участка сайлов комиссиялари шахсий таркиби тасдиқланиб, матбуотда чоп этилди. Округ сайлов комиссияси аъзолари сайлов участкаларига бириктирилиб, вазифалар белгилаб берилди. Бу жараёнда сайлов участкаларини замонавий усулда жиҳозлаб, сайловчилар учун етарли қулайлик яратишга эътибор кучайтирилмоқда.
– "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, сиёсий партияларнинг мазкур жараёнга тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан амалга ошираётган ишлари ҳақидаги ҳисоботларини эшитдик, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари Ч.Қурбонов. – Иш режамиз асосида энди сайловга алоқадор бошқа бир қатор муассаса ва жамоат ташкилотларининг ахборотларини эшитишни мўлжалламоқдамиз. Участка сайлов комиссиялари аъзолари, аҳоли, айниқса, сайловда илк марта иштирок этадиган ёшлар учун семинар ва учрашувлар ташкил этишга ҳозирлик кўрилаётир.
Анжуманда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА