Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қонунийлик – бош мезон
2015-02-07 | Жамият
Жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларига амал қилган ҳолда, юксак демократик тамойиллар асосида ташкил этиш юзасидан 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси томонидан ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
– "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонунга биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари таъминлайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Яхшинор Аллаёров. – Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округлари тузилди ҳамда округ сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди.
7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раис, раис ўринбосари, котиб ҳамда саккиз нафар аъзодан иборат таркибда фаолият кўрсатмоқда. Қонунда белгиланган ваколат ва вазифаларни амалга ошириш учун комиссия жойлашган Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети қошидаги 2-академик лицей биносида барча зарур шароит яратилган. Комиссия ўз фаолиятини тасдиқланган иш режаси, вазифалар тақсимоти асосида олиб бормоқда.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, шу йилнинг 26 январь куни округ ҳудудида 957 сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, мазкур сайлов участкалари жойлашган манзил, унинг маркази ва чегаралари ҳақидаги маълумотлар матбуотда чоп этилди.
Сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган тадбирлардан аҳолини кенг хабардор этиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича вилоят матбуот маркази ташкил этилди. Мазкур марказда комиссия фаолияти юзасидан журналистлар иштирокида брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказилмоқда. Вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида сайлов қонунчилигини тарғиб этиш ва аҳолига тушунтириш юзасидан махсус рукнлар, кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил этилган.
Айни пайтда округ комиссияси олдида участка сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлаш вазифаси турибди. "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонунга кўра, участка сайлов комиссиялари халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг тавсияси асосида округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида 5-19 нафар аъзо, жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда округ сайлов комиссияси томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Манба: ЎзА