Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

2016 йилдаги фаолият якунлари ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди

2017-01-13 | Экология

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Экологик ҳаракати, қуйи палатанинг Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ва истиқболдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б.Алихонов ва бошқалар экологик қонунчиликни такомиллаштириш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, давлат дастурларида бу йўналишда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш, жамоат экологик назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар жамият тараққиётини юксалтиришда муҳим роль ўйнаётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан бу йўналишдаги дастурий вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган мингдан зиёд тадбир ташкил этилди. Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолиятини ташкил этиш, жамоат экологик назоратини таъминлаш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди. 

Экология соҳасида қонун ижодкорлиги йўналишида ҳам муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Ўнга яқин қонун лойиҳалари бўйича иш олиб борилди. Бунинг натижасида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид янги таҳрирдаги қонунлар қабул қилинди. 

Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари томонидан жойларда сайловчилар ва Экоҳаракат фаоллари билан кўплаб учрашувлар ташкил этилди. Бу жараёнда фуқаролардан тушган ариза ва мурожаатлар тегишли тартибда кўриб чиқилди. 

Атроф-муҳит муҳофазасига ажратилган ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида қабул қилинган ҳужжатларнинг ижроси устидан давлат органлари ва тегишли тузилмаларнинг масъулиятини ошириш, бу борада депутатлик ва жамоат назоратини юритишга алоҳида эътибор қаратилди. Жойларда бу йўналишда бир юз элликка яқин тадбир ташкил этилди. Шунингдек, жамиятда экологик маданиятни юксалтириш, экологик таълим-тарбияни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб номланиши экология соҳаси мутахассислари зиммасига ҳам катта масъулият юклади. Бу борадаги вазифаларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Экоҳаракат ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик қабулхоналарини ташкил этиш, аҳоли билан мулоқот қилиш ва экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган янгича механизмлар, самарали усулларни жорий этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини янада ривожлантириш хусусида фикрлашилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. 
 

* * *


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг йиғилишида ҳам 2016 йилдаги фаолият якунлари таҳлил этилиб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов ҳисобот даврида қонун ижодкорлиги, қонунчиликни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, парламент назоратини самарали ташкил этиш, инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бўйича қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларида белгиланган вазифалар ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади. 

Қонун ижодкорлиги йўналишида бешта қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, йигирмадан ортиқ амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича иш олиб борилди. Бунинг натижасида «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги янги қонунлар қабул қилинди. «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. 

Қўмита томонидан ташкил этилган назорат-таҳлил тадбирларида бир қатор қонунларнинг жойларда ижро этилиши ҳолати ўрганилиб, бу борадаги фаолиятни янада кучайтириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этиш, фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб қайтариш бўйича самарали механизмларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди. 

Қўмита томонидан амалга оширилган ишларни кенг аҳолига етказиш мақсадида медиа-режа қабул қилиниб, депутатлар оммавий ахборот воситаларида икки мингга яқин чиқиш қилди. 

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган маърузасидан келиб чиқадиган, хусусан, қонунчиликни янада ривожлантириш, қонунларнинг ижроси самарадорлигини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида депутатлар олдида турган муҳим вазифалар атрофлича таҳлил этилди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини амалга оширишга йўналтирилган асосий фаолият йўналишлари бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. 

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. 

Манба: ЎзА

Поделиться