Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Муҳим сиёсий жараёнга пухта тараддуд
2015-02-10 | Жамият
Жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг халқаро стандартлар ва сайлов тўғрисидаги миллий қонунчилик талаблари асосида очиқ-ошкора ўтиши ҳамда сайловчиларнинг фаол иштирокини таъминлаш борасида Тошкент вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясида 872 сайлов участкаси тузилиб, сайловчиларнинг овоз бериши учун барча зарур шароитлар яратилмоқда.
– Сайловга тайёргарлик миллий қонунчилигимиз талаблари ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури асосида олиб борилмоқда, – дейди вилоят округ сайлов комиссияси раиси Нурмуҳаммад Абдуллаев. – Комиссия аъзолари аввалги сайловларда тажриба тўплаган, обрўли вакиллардан иборат таркибда шакллантирилди. Уларнинг рўйхати, манзили ва телефон рақами матбуотда эълон қилинди. Вилоят округ сайлов комиссиясининг самарали фаолият кўрсатиши учун ажратилган хоналар замонавий ахборот-коммуникация воситалари, мебеллар, зарур адабиётлар билан таъминланди. Мавжуд компьютерларнинг интернет тармоғига улангани тезкор ахборот алмашиш имконини беради.
Сайлов комиссияси жойлашган бино фойесида ташкил этилган кўргазмали воситалар орқали овоз берувчилар сайловга доир ҳуқуқий асослар, тартиб-қоидалар, сайлов комиссияси фаолиятига оид тегишли маълумотлардан хабардор бўлиши мумкин.
Жойларда сайлов участкаларининг моддий-техник таъминоти ҳамда сайловчилар учун қулайликлар яратиш билан боғлиқ бир қатор ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Сайловга тайёргарлик кўриш, сайлов билан боғлиқ жараёнлар хусусида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш, аҳоли, айниқса, сайловда илк бор қатнашадиган ёшларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини кенгайтириш, тарғибот-ташвиқот ишларига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Манба: ЎзА