Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳамкорлик истиқболлари
2015-02-11 | Жамият
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларни эъзозлаш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аёлларга муносиб турмуш, меҳнат шароитларини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2014 йилда халқаро муносабатлар доирасида олиб борган фаолиятига бағишланган ҳисобот тадбирида шу жиҳатларга эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда барча жабҳаларда кечаётган янгиланишлар жараёнида хотин-қизларнинг фаоллигини, билим ва салоҳиятини юксалтириш, оила, оналик ва болалик манфаатларини таъминлаш муҳим ўрин эгаллайди. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони опа-сингилларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада оширишда, уларга кўпроқ қулайлик ва имкониятлар яратишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси тизимида 208 ҳудудий бўлим ва бўлинма, 42 мингга яқин бошланғич ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда жаҳон хотин-қизлар ҳаракатлари билан бевосита мулоқот ўрнатиш йўлида яратилган имкониятлар натижасида ушбу жамоат ташкилоти томонидан Ўзбекистонда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлардан халқаро ҳамжамиятни тўла хабардор этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, халқаро муносабатларни янада ривожлантириш юзасидан салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
Хотин-қизлар қўмитасининг бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда аёллар учун имтиёзли кредит маблағлари ажратиш ва шу орқали қишлоқ аёлларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, оилаларнинг иқтисодий фаровонлигини юксалтириш бўйича лойиҳа ва дастурлари муваффақиятли амалга оширилди.
Европа Иттифоқининг Институционал ривожлантириш ва ҳамкорлик дастури доирасида "Эҳтиёжманд оилаларга даромад манбаларини яратишда ижтимоий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш бўйича янги дастурлар" лойиҳаси бўйича аёлларнинг иқтисодий билим ва салоҳиятини юксалтиришга доир туркум семинарлар ўтказилиб, маҳаллаларда "Ягона ойна" ахборот-маслаҳат хизмати ташкил этилди. БМТнинг Болалар жамғармаси билан ҳамкорликда "Бола шахсига йўналтирилган таълим" лойиҳаси доирасида болаларни мактабга тайёрлаш бўйича ота-оналар ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб бориш, боғчаларга кичкинтойларнинг жалб қилинишини янада кенгайтириш, ушбу масканларда қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этиш юзасидан ижобий натижаларга эришилди.
– Фуқаролар йиғинимизда икки ярим минг нафардан ортиқ хотин-қиз истиқомат қилади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманидаги "Бескўпир" овул фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулистон Аралбаева. – 2014 йилда Хотин-қизлар қўмитаси ўз бизнесини бошлаш истагидаги олтмиш нафарга яқин аёлга имтиёзли кредит олиб беришда кўмаклашди. Натижада уйда ўтирган хотин-қизларга чеварлик, гиламдўзлик, пазандалик билан шуғулланиши учун зарур имкониятлар яратилди.
Тадбирда Хотин-қизлар қўмитасининг халқаро муносабатлар доирасидаги истиқболдаги режалари белгилаб олинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.
Манба: ЎзА