Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сарҳисоб ва режалар

2015-02-11 | Жамият

Пойтахтимизда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар бўлими томонидан шаҳар ҳокимлиги, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари билан ҳамкорликда бошланғич ташкилот етакчиларининг минтақавий форуми ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида уюштирилган форумда 2014 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, билим ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда ёшларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун шарт-шароит яратиш энг муҳим вазифа сифатида белгиланган. Ушбу жараёнда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар навқирон авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол, ўз сўзида собит, мустаҳкам ишончга лойиқ этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда. Бу "Камолот" ижтимоий ҳаракати фаолиятининг асосини ташкил этади.

"Камолот" бўлимлари барча умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари, меҳнат жамоалари, ҳарбий қисмларда ёшларнинг эзгу орзу-интилишлари, режаларини қўллаб-қувватлаб, уларни рағбатлантирмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар самарасида ёш авлоднинг мустақил фикрлайдиган, мустаҳкам ҳаётий позицияга эга, маънавий етук инсонлар бўлиб улғайиши, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданият даражасини юксалтириш йўлида тизимли ишлар амалга оширилаётир.

"Камолот" томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган "Юртимни обод этаман", "Сиз қонунни биласизми?", "Юрт келажаги", "Ёшлар гиёҳвандликка қарши", "Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз", "Ёшлар экоҳаётни танлайди" тадбирлари, "Бунёдкор" ёшлар меҳнат ҳаракати, "Мунозара" тўгараги, "Ёзни "Камолот" билан", "Камолот" кубоги ва бошқа спорт, саломатлик, экологияга оид лойиҳалар, танловлар ёшларимиз орасида тобора кенг оммалашмоқда.

Ушбу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад навқирон авлод салоҳиятини мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу ишларга сафарбар этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Ўтган йили ўтказилган етти мингдан ортиқ ана шундай тадбирга пойтахтимиздаги 668 бошланғич ташкилот тизимида фаолият юритаётган бир миллиондан зиёд йигит-қиз қамраб олинди.

– Юртимиз ёшларини бирлаштириш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун кўмаклашиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларни соғлом турмуш талаблари асосида тарбиялаш муҳим вазифамиздир, – дейди "Камолот" ЁИҲ Тошкент шаҳар кенгаши бошланғич ташкилотлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобур Мирзаев. – Уларнинг эзгу ғояларини рўёбга чиқариш йўлида бошланғич ташкилотлар фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур форум бошланғич ташкилотлар етакчиларининг ёшлар билан ишлаш борасида билим ва кўникмаларини ошириш, энг яхши бошланғич ташкилотларнинг илғор тажрибаларини тарғиб қилишга қаратилди. Етакчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда истиқболдаги вазифалар ва ўз фаолиятидаги устувор йўналишларни белгилашга оид маълумотлар берилди. Энг фаол бошланғич ташкилотлар етакчилари рағбатлантирилди.

Манба: ЎзА

Поделиться