Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бизнес лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда
2015-02-11 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун қулай имкониятлар яратишга қаратилаётган изчил чора-тадбирлар самарасида 2014 йилда тижорат банклари томонидан тадбиркорларга 9 триллион сўмдан ортиқ микрокредитлар ажратилди. Улар орасида ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади.
Истиқлол йилларида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар туфайли аёлларнинг ишлаб чиқариш, тадбиркорлик каби соҳалардаги иштироки тобора кенгаймоқда. "Трастбанк" хусусий акциядорлик биржа банки ўтган йили тадбиркорлик субъектларига 222,5 миллиард сўмлик кредит ажратгани бунинг тасдиғидир.
– Президентимиз раҳнамолигида юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўрсатилаётган эътиборни ўз фаолиятимизда ҳис этмоқдамиз, – дейди Наманган вилоятидаги «Laylo sof savdo» МЧЖ директори Садоқат Аминжонова. – Корхонамизда йигирмадан зиёд йигит-қиз доимий иш билан таъминланган. Келгусида банк билан истиқболли лойиҳалар борасида ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз.
2014 йилда "Трастбанк" томонидан янги иш ўринлари яратиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун 22 миллиард 470 миллион сўмдан кўпроқ кредит ажратилиб, бу борада 2013 йилга нисбатан 1,3 баробар ўсишга эришилди. Банкка мурожаат қилаётганларнинг кўпчилиги оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандлик билан шуғулланиш истагида экани эътиборга олиниб, мазкур соҳаларга 2 миллиард 703,4 миллион сўмлик сармоя йўналтирилди. Бу асосан хотин-қизлар меҳнат қиладиган саноат ва ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғри келади.
– Юртимизда мевали ва манзарали дарахт кўчатларига эҳтиёж йилдан-йилга ўсиб бормоқда, – дейди Термиз шаҳридаги "Yangier ulgurji savdo" корхонаси директори Бахтигул Алимова. – Шуни ҳисобга олиб, "Трастбанк"дан ажратилган кредит эвазига боғ барпо этдик. Ишларимиз ривож топиб, саксонта янги иш ўрни яратдик. Айни пайтда ушбу тармоқни янада равнақ топтириш мақсадида янги лойиҳалар устида ишламоқдамиз.
– Даволаш мажмуамиз касалликларнинг олдини олиш, беморларга тез ташхис қўйиш ва даволаш борасида кўплаб ижобий натижаларга эришмоқда, –дейди Тошкентдаги "Najot Shifo" масъулияти чекланган жамияти директори Амина Рашит. – Хизматимизга бўлган талабнинг ошиши технологик муолажа ишларини замонавий даражага кўтаришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда банкка мурожаат қилиб, тиббиёт ускуналари мажмуаси харид қилиш учун етарли миқдордаги кредитга эга бўлдик. Эндиликда жамоамиз замонавий ускуналар ёрдамида қариялар, ёшлар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш йўлида бор имкониятини ишга солиб, фаол меҳнат қилмоқда.
"Трастбанк" хусусий акциядорлик биржа банки тақдим этаётган кредитлар эвазига тадбиркорликни йўлга қўяётган бундай ишбилармон аёллар сафи тобора кенгайиб бораётир. Бу эса халқимиз фаровонлиги ва аҳоли бандлик даражасининг янада ошишига хизмат қилмоқда.
Манба: ЎзА