Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хорижий давлатларда 44 сайлов участкаси тузилди
2015-02-03 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Қонунчиликка мувофиқ, сайлов участкалари асосий мезон – сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш ҳисобга олинган ҳолда тузилади. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги Ташқи ишлар вазирлигининг таклифини кўриб чиқиб, "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 44 та сайлов участкасини тузиш ҳамда уларни 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктириш ҳақида қарор қабул қилди. Мазкур участкаларда сайловчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Мажлисда мамлакатимиз ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Марказий сайлов комиссиясига белгиланган тартибда мурожаат қилган оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Сайлов тўғрисидаги қонунчилик талаблари инобатга олинган ҳолда сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текшириш учун Марказий сайлов комиссияси ҳузурида ишчи гуруҳлари тузиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ишчи гуруҳларининг асосий вазифаси имзо варақаларининг "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонун талабларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосаларини белгиланган муддатда беришдан иборат.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: ЎзА