Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қонунчилик талаблари асосида
2015-01-29 | Сиёсат
Шу йилнинг 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига Наманган вилоятида ҳам тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссиясининг раиси Ғанижон Ортиқов ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Сайловнинг халқаро демократик стандартлар ва сайлов тўғрисидаги миллий қонунчилик талаблари асосида ўтказилишида округ сайлов комиссиялари зиммасига катта масъулият юкланган.
Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан вилоят ҳудуди чегарасида тузилган 6-Наманган сайлов округида сайловнинг очиқлик, ошкоралик ва адолат тамойиллари ҳамда сайловчиларнинг фаол фуқаролик позицияси негизида ўтишини таъминлаш мақсадида барча ишлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, "Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонунлари асосида ташкил қилинмоқда.
6-Наманган округ сайлов комиссиясига Наманган шаҳри марказидаги "Наманган ёшлар маркази" дан жой ажратилган бўлиб, бу сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказишда катта аҳамият касб этади. Бу ерда сайлов комиссиясининг самарали фаолият кўрсатиши учун барча зарур шароит мавжуд. Округ сайлов комиссиясининг раиси ва аъзолари, ишчи гуруҳи, матбуот котиби учун алоҳида хоналар замонавий ахборот-коммуникация воситалари, мебеллар билан таъминланган. Марказнинг катта мажлислар ҳамда конференц зали оммавий ахборот воситалари учун турли даражадаги матбуот анжуманларини ташкил этиш, хорижлик кузатувчиларни қабул қилиш имкониятини беради. Марказ фойесида ташкил этилган кўргазмали воситалар орқали сайловчилар сайловга доир ҳуқуқий асослар, тартиб-қоидалар, сайлов комиссияси фаолиятига тегишли маълумотларни олишлари мумкин. Интернет тармоғига уланган компьютерлар Марказий сайлов комиссияси, шунингдек, вилоятдаги участка сайлов комиссиялари билан тезкор ахборот алмашишни таъминлайди.
Марказий сайлов комиссиясининг дастури асосида округ сайлов комиссиясининг асосий тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Сайлов округи ҳудудида 651 сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинди.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва бевосита сайлов жараёнларидан жамоатчиликни кенг хабардор қилиб боришга алоҳида эътибор қаратилган. Муҳим сиёсий кампаниянинг ажралмас қисми бўлган бу вазифани сайлов қонунчилиги талаблари асосида амалга ошириш учун тажрибали мутахассислардан иборат ахборот хизмати ташкил этилди.
Ҳозир жойларда участка сайлов комиссияларини тузиш борасида иш олиб борилмоқда. Аҳоли учун ҳар томонлама қулай бўлиши ҳисобга олиниб ташкил этилган сайлов участкалари инвентаризациядан ўтказилиб, моддий-техник таъминоти, сайловчиларнинг овоз бериши учун қулайликлар яратиш каби ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Манба: ЎзА