Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Партиялараро рақобат – давр талаби
2015-01-29 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари С.Турдиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида парламент фаолиятини такомиллаштириш, парламент тузилмалари ва депутатларнинг назорат-таҳлил фаолияти, сайловчилар билан ишлаш, қонунлар ижроси ҳамда уни амалиётда қўллаш самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилганини таъкидлади.
Мамлакатимиз қонун чиқарувчи олий органи нафақат қонун ижодкорлиги, балки назорат функциясини амалга ошириш бўйича ваколатларга эга. Шу боис парламент назоратининг сифатини ошириш, айниқса, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунлар ижроси бўйича амалга ошираётган ишлари тўғрисидаги ахборотини тизимли равишда эшитишни йўлга қўйишда фракцияларнинг роли ва масъулиятини ошириш лозим. Айниқса, аграр соҳани ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини янада юксалтиришга қаратилган давлат дастурларининг жойлардаги ижросини қатъий назорат қилиш зарур.
Йиғилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасидаги устувор вазифаларни амалга оширишда партия фракциясининг ролини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шу билан бирга, Президентимизнинг маърузаси ва партиянинг сайловолди дастури асосида партия электорати – ўрта синф, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари, фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тайёрланган партия фракциясининг иш дастури лойиҳаси ҳам муҳокама этилди.
Фракция ва депутатлар фаоллигини ошириш, демократик жамиятнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган сиёсий, партиялараро рақобатни сезиларли даражада кучайтиришга йўналтирилган вазифалар белгилаб олинди.
Манба: ЎзА