Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайлов демократик тамойиллар асосида ўтмоқда
2016-12-04 | Сайлов
Сергей Лебедев, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби:
– Миссиямиз кузатувчилари Ўзбекистонда Президент сайлови жараёни билан танишмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги тобора такомиллашиб, фуқароларнинг эмин-эркин овоз бериши учун кенг ва тенг имкониятлар яратилган. Сайловчиларга сиёсий партиялардан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва уларнинг дастури, сайлов қонунчилиги ҳақида тўлақонли маълумот етказилмоқда. Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда барча номзодларга тенг имконият берилди. Бу сайловчиларнинг сиёсий жараёнда фаол иштирок этиши ва сайловнинг холис, адолатли ўтишига хизмат қилмоқда.
Мамлакат демократик тараққиёт йўлидан бардавом бораётганини аҳоли турмуш фаровонлиги ҳам кўрсатиб турибди. Бу Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасидир. Бугунги сайлов Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётда эришаётган ютуқлари ҳам демократия йўлидан бораётганини кўрсатади.
Сайловни демократик тамойиллар асосида, очиқ ва холис ўтказиш учун жаҳон стандартларига мос усул ва услублар қўлланилаётгани таҳсинга лойиқ. Биринчи Президент Ислом Каримов ғоялари асосида шаклланган демократик давлатда сайловларнинг юксак даражада ўтказилиши жаҳон жамоатчилигининг диққатини тортиши аниқ.
Жамшед Жамшедов, Тожикистон Республикаси Марказий сайлов ва референдумлар комиссияси аъзоси:
– Жиззах шаҳридаги 5-сайлов участкасида овоз бериш жараёнини кузатдим. Сайлов миллий қонунчилик ва халқаро демократик тамойилларга тўла риоя қилинган ҳолда ўтмоқда. Сайловчилар ўзлари танлаган номзодга эмин-эркин овоз бермоқда. Баъзи сайловчилар билан суҳбатлашдим. Ҳар бир сайловчи ўз фикрига эга. Сайловчиларнинг фаоллиги Ўзбекистон халқининг ўз Ватани тақдирига, келажагига бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда.
Манба: ЎзА