Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кончилар овоз берди
2016-12-04 | Сайлов
Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги 434-сайлов участкаси Кончилар маҳалласида жойлашган. Бугун эрта тонгдан кончилар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол қатнашмоқда.
Абдувосит Останаев Муборак газни қайта ишлаш заводида оператор бўлиб ишлайди.
–Кўп йиллардан буён ушбу корхонада ишлайман, – дейди Абдувосит. – Кейинги йилларда бизнинг самарали меҳнат қилишимиз, фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, умуман, турмушимиз фаровон бўлиши учун илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада салмоқли ишлар амалга оширилди. Номзодларнинг сайловолди дастури билан танишдим. Бугун мамлакатимиз саноатининг янада тараққий этиши йўлида фидойилик билан меҳнат қиладиган муносиб номзодга овоз бердим.
Тумандаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида жойлашган 753-сайлов учаскасида сайловчилар овоз бериш жараёнида уюшқоқлик билан иштирок этмоқда. Участкада замонавий жиҳозланган тиббиёт, она ва бола хоналари овоз бериш жараёнида аҳолига қўшимча қулайликлар туғдирмоқда.
–Ёш оиламиз, шунинг учун болалар билан бирга келдик, – дейди Шуҳрат Яхшибоев. – Бу ерда фарзандларимиз учун ҳам шароитлар мавжуд. Муборак газни қайта ишлаш заводида ишлайман. Келажакда етук мутахассис бўлишни орзу қиламан. Бугун мамлакатимизнинг саноат салоҳиятининг бунданда ривожланиши учун овоз бердим.
Манба: ЎзА