Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг сайлов тажрибаси халқаро миқёсда ўрганишга арзийди
2016-12-04 | Сайлов
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизнинг барча сайлов участкаларида «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ очиқ ва ошкора амалга оширилмоқда.
Сайлов участкаларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиб жараённи бевосита кузатаётир.
Пойтахтимизнинг Миробод туманида жойлашган 209-сайлов участкасида сайлов жараёни ана шундай руҳда давом этмоқда. Участкада сайловчиларга овоз бериш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
– Сайлов жараёни ўзига хос тантана ва ҳаяжон билан бошланди, – дейди Латвия Марказий сайлов комиссияси раиси Арнис Цимдарс. – Сайловчиларга эркин, яширин овоз бериш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Ўзбекистон сайлов тизими ва қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро тамойилларга мослиги сайловнинг очиқ ва ошкора ўтказилишига замин яратган. Фуқароларнинг қисқа муддатда сайлов билан боғлиқ ахборот ва маълумотлар билан кенг таъминлангани, ҳар бир сайловчининг шахсан ўзи овоз бериши зарурлигига алоҳида урғу берилгани эътиборга молик. Бу ерда биринчи марта овоз бераётган йигит-қизлар, уларга бўлган алоҳида эътибор диққатимни жалб этди.
Мазкур тумандаги 211-сайлов участкасида ҳам эрта тонгдан фуқаролар фаол овоз бераётганига гувоҳ бўлдик. Сайлов жараёнини кузатаётган Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Сиябшах Шапиев таассуротлари билан қизиқдик.
– Сайловга тайёргарлик жараёнини кўздан кечириш учун Фарғона водийсида бўлиб қайтдим, – деди С.Шапиев. – Юқори даражада тайёргарлик кўрилгани, халқнинг сайловга алоҳида масъулият билан ёндашаётгани диққатимизни тортди. Ўзбекистонда юқори даражада сайлов маданияти шаклланган. Ушбу 211-сайлов участкасида сайлов байрамона бошланганини айтиб ўтмоқчиман. Фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин билдирмоқда. Мамлакатингиз мустақилликнинг дастлабки йилларида ривожланган мамлакатларнинг сайлов тажрибасини ўрганган бўлса, энди Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасини бошқа давлатлар ўрганса арзийди.
Манба: ЎзА