Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Менинг овозим – менинг Президентим
2016-12-04 | Сайлов
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида 555 мингдан зиёд ёшлар биринчи марта овоз бермоқда
Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт» деган ғояси ягона умуммиллий мақсадга айланди. Бугун бу улуғ ишлар катта ғайрат-шижоат билан изчил давом эттирилаётгани учун ҳам ёшларимиз мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда фаол қатнашмоқда.
Бу жиҳатлар, бугун эл-юртимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий имтиҳон – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида яна бир бор ўз исботини топди: сайлов кунигача 18 ёшга тўлган 555 мингдан зиёд ёшларимиз Конституциямизда белгиланган сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиб, илк маротаба овоз бермоқда.
Турли соҳалардаги ютуқлари билан тенгдошларига ҳар томонлама ўрнак-ибрат бўлиб келаётган айрим ўғил-қизлар билан онлайн боғланиб, уларнинг илк сайловидаги таассуротлари билан қизиқдик.
Бухоро давлат университети талабаси, бадиий гимнастика бўйича уч карра Ўзбекистон чемпиони, спорт устаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Гулноза Алиева ҳам минглаб тенгқурлари қатори 4 декабрь санасини интизорлик билан кутди.
– Мустақиллик берган имкониятлар туфайли Ўзбекистон ёшлари бугун барча соҳада бўлгани каби спортда ҳам катта ютуқларга эришиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтармоқда, – дейди Г.Алиева. – Бугун Бухоро шаҳридаги 13-сайлов участкасида эл-юртимиз манфати йўлида курашадиган, энг муҳими, ёшларга ғамхўрлик қилиб, ҳамиша бизни қўллаб-қувватлайдиган инсонни – ўзим муносиб топган номзодга овоз бердим. Менинг танловим ҳам мамлакатимиз ва халқимизнинг эртанги тақдирини белгилашга хизмат қилиши менинг ҳаётда ва жамиятда муносиб ўрин топишимда катта роль ўйнайди.
– Ушбу сайлов менинг ҳаётимда катта аҳамиятга эга бўлгани учун унга алоҳида тайёргарлик кўрдим: Президентликка номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишдим, вилоятларда ўтган учрашувларни кузатдим, ҳозиргина Асака туманидаги 219-сайлов участкасида овоз бериб чиқдим, – дейди Андижон давлат универститети талабаси, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Севара Фозилжонова. – Сайлов бюллетенида ўзим танлаган номзодни белгилар эканман, менинг овозим мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг яна ҳам юксалишида аҳамиятли эканини ўйлаб, ич-ичимдан фахрландим.
Бу йил Қашқадарё вилояти Яккабоғ озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Аҳрор Низомов учун ниҳоятда омадли бўлди: Беларусда фортепьяно бўйича ўтказилган халқаро танловда 2-ўринни олди, Россия ва Хитойдаги халқаро фестивалларда ғолиб чиқди.
– Яккабоғ туманидаги 673-сайлов участкаси эрта тонгдан гавжумлиги, улар орасида ёшлар ҳам кўплигини кўриб, тенгдошларим бу сиёсий жараёнда фаол қатнашаётганидан хурсанд бўлдим, ўзаро суҳбатларда номзодларнинг сайловолди дастурлари, эл-юртимизнинг эртанги тақдири айнан бугун танланадиган номзодга боғлиқ экани ҳақида гап бораркан, янада руҳланиб кетдим, – дейди А.Низомов. – Сайловда қатнашарканман, менинг овозим мамлакатимиз келажаги тақдирида акс этишини юракдан ҳис этдим, ёруғ истиқболимиз учун овоз бердим.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабаси Бобур Болтаев 2014 йили Москвада ўтказилган 48-Менделеев олимпиадаси, 2014 йил Вьетнамда ва 2015 йил Озарбайжонда кимё фанидан ўтказилган жаҳон олимпиадаларида бронза медали соҳиби бўлган. Бугун Бобур Қибрай туманидаги 358-сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида илк маротаба овоз берди.
– Миллий сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, номзодларнинг сайловолди дастурлари билан батафсил танишдим, улар илгари сураётган дастурий вазифаларни ўргандим, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг “Менинг овозим – Ватаним келажаги” мавзуидаги онлайн мулоқотида қатнашдим, – дейди Б.Болтаев. – Бундан ташқари, матбуот, телевидение ва интернет орқали сайлов жараёнига боғлиқ янгиликларни мунтазам кузатиб боришга ҳаракат қилдим. Бугун бир қарорга келиб, ўзим муносиб топган номзодга овоз бердим.
– Мамлакатимизда ёшларга яратилган шарт-шароитлар самарасида “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали, “Юрт келажаги” танловининг мамлакат босқичларида, енгил атлетика, шахмат-шашка бўйича Қорақалпоғистонда ўтган мусобақаларда ғолиб бўлдим, уч китобим нашрдан чиқди, – дейди Қорақалпоқ давлат университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Айжамал Караматдинова. – Кегейли туманидаги 194-сайлов участкасига кириб борарканман, «агар мустақиллик бўлмаганида, ёшларнинг ўз истеъдод ва интилишларини рўёбга чиқариш учун шундай кенг имконияту шароитлар бўлмаганида, оддий бир қишлоқ қизи орзу-мақсадларимга эриша олармидим?», деб ўйладим. Ўзбекистон Президенти сайловида бу тинч-тўкин ва фаровон кунлар янада зиёда, ёшларимизнинг бахт-иқболи ва келажаги яна ҳам буюк бўлиши учун овоз бердим.
– “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг “Менинг овозим – Ватаним келажаги” акциясида фаол қатнашганим учун фахрий ёрлиқ билан тақдирландим, – дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги 2-академик лицей ўқувчиси Дилшода Турсунова. – Бугун Самарқанд шаҳридаги 909-сайлов участкасида ўзим муносиб деб билган номзодни сайларканман, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошлаган буюк ислоҳотларни изчил давом эттирадиган янги давлат раҳбарини танлашда менинг овозим ҳам аҳамиятга эга эканини ўйлаб, ғурурландим: менинг овозим – менинг Президентим!
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий онги-дунёқараши тобора юксалиб бораётганини яна бир бор исботлади.
Манба: ЎзА