Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эпчиллик ва маҳорат баҳси
2016-12-03 | Спорт
Пойтахтимиздаги "Қушбеги" спорт мажмуида 2004-2005 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасида стол тенниси бўйича “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кубоги учун ХIII республика турнири ўтказилди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Стол тенниси федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 56 спортчи яккалик ва жуфтлик баҳсларида ғолиблик учун ўзаро куч синашди.
Бугунги кунда мамлакатимизда стол тенниси билан ўн беш мингга яқин ўғил-қиз мунтазам шуғулланмоқда. Кўплаб ёшлар халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз байроғини баланд кўтармоқда.
Ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда самарқандлик Шоҳрух Искандаров ғалаба қозонган бўлса, қизлар орасида Тошкент вилоятидан Марҳабо Магдиева барча рақибаларини енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади.
Мусобақанинг жуфтлик баҳсларида Норжон Ғиёсова ҳамда Жаннатой Мадалиева, ўғил болалар ўртасида Давид Лутфуллаев ва Никита Панов биринчи ўринни эгаллади.
– Стол тенниси билан олти йилдан буён шуғулланиб келмоқдаман, – дейди М.Магдиева. – Мусобақа қизиқарли ва кескин баҳсларга бой бўлди. Мақсадим келгусида маҳоратли спортчи бўлиб, нуфузли турнирларда муваффақият қозонишдир.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Манба: ЎзА