Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигига бағишлаб очилган фотокўргазмада шу соҳада меҳнат қилаётган фотоусталар қаторида ёш изланувчан ижодкор Бобур Пўлатов олган суратлар ҳам намойиш этилмоқда.
Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият
ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 42-моддасидан.
Бобур Пўлатов кўплаб фотокўргазмалар иштирокчиси. У 2011 йили журналистика соҳасида “Олтин қалам” миллий мукофоти халқаро танловининг “Энг яхши фоторепортаж учун” номинацияси бўйича ғолиб бўлган. Айни чоғда ёш фотомухбир “Ҳуқуқ ва бурч” журналида фаолият кўрсатмоқда.
– Мамлакатимизда ёшлар, хусусан, ёш ижодкорларга эркин ва самарали меҳнат қилиш, истеъдодини намоён этиши учун барча шароит яратилган, – дейди у. – Бундай имкониятлардан фойдаланиш ҳар бир ижодкорнинг ўзига боғлиқ. Ўтган йили «Камолот» уйи соҳиби бўлганим ҳам ана шундай эътибор ва меҳнатнинг самараси, деб биламан.
Кўргазмада мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилган муваффақиятлар А.Жумаев, Р.Шагаев, В.Гончаренко, Р.Шарипов, В.Жирнов, К.Минайченко, В.Вяткин, В.Шлосберг, М.Левкович, С.Деҳқонов, М.Қодиров, Р.Исломов, Ғ.Шукуров, Н.Боймуродова каби фотоусталарнинг ижодида акс этган.
Манба: ЎзА