Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайлов маданияти жуда юқори
2016-12-03 | Сайлов
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш мақсадида мамлакатимизга келган халқаро кузатувчилар ва сайлов жараёнини оммавий ахборот воситаларида ёритадиган хорижлик журналистлар Самарқандда бўлиб, сайлов участкалари фаолияти билан танишмоқда. Муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилмоқда. Мухбиримиз уларнинг таассуротлари билан қизиқди.
Ву Тин, Шанхай халқаро матбуот бюроси нашри бош муҳаррири:
– Ўзбекистон ҳақида кўп ўқиганман. Бу мамлакатдаги демократик ўзгаришлар, айниқса, сайлов тизими хусусида тўлиқ тасаввурга эгаман. Мазкур сиёсий жараёнда кузатувчи сифатида қатнашиб, бу ҳақда хитойликларни яқиндан таништирмоқчиман. Бугун Самарқанддаги бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, тадбирга юқори савияда тайёргарлик кўрилгани, сайловчилар ва кузатувчилар учун барча шароитлар яратилганига амин бўлдим.
Сайловни очиқ ва демократик тамойиллар асосида ўтказиш учун жаҳон стандартларига мос усул ва услублар қўлланилаётгани таҳсинга лойиқ. Улуғ ва беназир давлат арбоби, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ғоялари, оқилона сиёсати асосида шаклланган демократик давлатда сайловларнинг ана шундай юксак даражада ўтказилиши жаҳон жамоатчилигининг диққатини тортиши шубҳасиз.
Ирфан Улла Хан, Покистоннинг Исломобод шаҳари мэри ўринбосари:
– Самарқанд шаҳридаги иккита сайлов участкасида бўлдим. Уларнинг тоза ва озодалиги, тиббиёт, она ва бола хоналаридаги қулайликлар диққатимни тортди. Ўзбекистон Респбликасининг Биринчи Президенти таълим олган мактабда жойлашган музейни томоша қилиб, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдим.
Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларни кўздан кечирар эканман, халқларимизнинг меъморчилик анъана ва услубларида ўхшаш жиҳатлар борлиги мени ҳайратлантирди.
Жамшед Жамшедов, Тожикистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси:
– Самарқанд ҳақида кўп эшитган бўлсам-да, бугун бу қадимий шаҳарнинг ўзига хос жозибаси, тароватидан ҳайратдаман. Ўтмишга ҳурмат, аждодлар меросини асраб-авайлашни, тарихга муносабатни сизлардан ўрганиш керак экан.
Одамларнинг мамлакат тақдирига бефарқ эмаслиги, юрт келажагини ҳал этувчи сиёсий тадбирга фаол муносабатда бўлиши ўзбек халқининг ҳуқуқий маданияти юксалаётганидан далолатдир.
Зумрад Абдримова, Қозоғистоннинг «Мысль» журнали мухбири:
– Афсонавий Самарқандда турганимга ишонгим келмаяпти. Худди эртакнинг ўзгинаси. «Афросиёб» поездида келганимиз янада ажойиб бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик, сайлов участкаларида сайловчиларга яратилган шароитлар диққатга сазовор. Халқингизнинг ўтмишидан ҳикоя қилувчи осори-атиқалар, тарихий қадамжолар ҳар қандай кишини мафтун қилиб, руҳига енгиллик бахш этади. Ушбу қадим ва улуғ заминда бўлиб, аждодларингиз Шарқ халқлари цивилизациясида етакчилик қилганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Ли Жонг Чинг, Хитой Халқ Республикасидан келган халқаро кузатувчи:
– Самарқанд вилоятидаги бир қатор сайлов участкаларида бўлдим. Сайлов тизими, сайловга тайёргарлик ишлари халқаро талаблар даражасида ташкил этилган.
Пўлатдархон массивидаги сайлов участкасига борар эканман, қишлоқ жойларда ҳам шаҳардагидан асло кам бўлмаган шароит яратилгани мени ҳайратлантирди. Ушбу маҳаллани бемалол замонавий шаҳарча дейиш мумкин. Бу ердаги намунавий уйлар, одамларнинг турмуш тарзига ҳавасим келди. Кишиларнинг хушмуомалалиги, меҳмондўстлиги ўзбек халқига бўлган ҳурматимни янада оширди.
Александр Шевченко, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси - ижрочи котиби аппарати раисининг ўринбосари (Беларусь):
– Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш чоғида бу ерда юртингизнинг турли ҳудудларидан келган кишиларни кўриб, халқингиз ўзининг буюк Юртбошисига чексиз меҳр-муҳаббат, ҳурмат ва садоқат билан қарашига ишонч ҳосил қилдим. Ўзбекистон халқининг бу хислатидан ибрат олса арзийди.
Самарқанд шаҳри кейинги йилларда тубдан ўзгарибди. Одамларнинг яшаш тарзи, турмуш фаровонлиги юксалган. Бундай халқ мамлакат ҳаётидаги муҳим тадбир – Президент сайловини ҳам халқаро талаблар даражасида, юқори савияда ўтказишига шубҳа қилмайман.
Манба: ЎзА