Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш керак
2016-12-03 | Сайлов
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш мақсадида юртимизга келган Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Берик Имашев ҳамда Қирғизистон Республикаси Сайлов ва референдумлар ўтказиш бўйича марказий комиссияси раиси Нуржан Шайлдабекова билан учрашув бўлиб ўтди.
Округ сайлов комиссияси раиси Ф.Тошев меҳмонларга мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига кўрилган тайёргарлик, 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида гапириб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро демократик талаблар, миллий қонунчилик асосида юқори савияда ўтказилаётгани таъкидланди. Сайлов кампанияси тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сайловга оид қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида кузатувчи сифатида қатнашаётганимиздан хурсандмиз, – дейди Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Берик Имашев. – Мазкур сайлов қардош ўзбек халқи ҳаёти, мамлакат тараққиётида муҳим аҳамиятга эга. Буни халқингиз теран ҳис қилиб турибди. Муҳими, Ўзбекистонда сайловни юқори савияда, аҳолининг фаол иштирокида ўтказиш учун барча имконият яратилган.
Учрашувда 7-Самарқанд сайлов округи ҳудудидаги барча участкалар овоз беришга тайёрлиги, фуқаролар сайлов қонунчилигида белгиланган муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан самарали фойдалангани қайд этилди.
– Самарқанддаги бир қатор сайлов участкаларида сайловга тайёргарлик жараёни билан танишиб, комиссия аъзолари ва сайловчилар билан суҳбатлашиб, Ўзбекистонда мазкур сиёсий тадбирга пухта тайёргарлик кўрилганига амин бўлдик, – дейди Қирғизистон Республикаси Сайлов ва референдумлар ўтказиш бўйича марказий комиссияси раиси Нуржан Шайлдабекова. – Аҳоли Президентликка номзодлар ва уларнинг дастури ҳақида етарли маълумотга эга. Ҳар бир фуқаронинг ўз қараши, сайлов ҳақида етарлича тасаввури бор. Участкаларда сайловчилар учун яратилган шароитлар, хусусан, тиббиёт, она ва бола хоналари эътиборга лойиқ. Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаларини ўрганиш керак.
Манба: ЎзА